🔴1,18 млн долларлик «улуш»: «Ўзагролизинг» собиқ раҳбари 6 йилга қамалган ✔️У эски комбайнларни қайта таъмирлаб, янги техника сифатида Ўзбекистонга етказиб беришга келишгани айтилмоқда «Ўзагролизинг» АЖ собиқ бошқарув раиси Нодир Отажонов Хитойдан пахта териш комбайнларини импорт қилиш билан боғлиқ иш бўйича 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Бу ҳақда суд ҳужжатлари билан танишган Kun.uz хабар берди. У билан бирга «Inter Agromash» МЧЖ таъсисчиси Хайдар Абдушукуров ҳам 5 йилга қамалган. Нашрнинг ёзишича, ҳар иккиси айбловларни тан олмаган. Суд ҳужжатига кўра, Отажонов Хитой компанияси билан аввал ишлатилган 100 та комбайнни қайта таъмирлаб, янги техника сифатида Ўзбекистонга етказиб беришга келишган. Уч қаторли машиналар икки қаторли кўринишга келтирилиб, ҳар бири 80 минг доллардан импорт қилиниши режалаштирилган. Отажонов 8 млн долларлик шартнома тузилишини таъминлаш эвазига 15 фоиз «улуш» олишга келишгани қайд этилган. Суд ҳужжатида у 2024 йил август–октябрда жами 1 млн 180 минг доллар олгани ва пулларни дўстининг уйида сақлагани айтилган. Комбайнлар «Inter Agromash» орқали импорт қилиниб, фермерларга лизинг асосида етказилган. Дастлабки шартномада 35 та техниканинг ҳар бирини 1 млрд 650 млн сўмдан сотиш белгиланган. Ишлатилган машиналарни янги деб расмийлаштириш орқали 7,5 млрд сўм божхона тўловларидан бўйин товлангани кўрсатилган. Фермерларга етказилган 29 та комбайндан фойдаланиш жараёнида техникалар янги эмаслиги маълум бўлган. Айрим фермерлар уларни қайтаришни сўраган, тўланган аванслар қайтарилган ёки бошқа лизинг тўловларига йўналтирилган. Кейинчалик навбатдаги олтита комбайн божхонада текширилганда, идентификация рақамлари қалбаки экани, машиналар аслида 2019–2021 йилларда ишлаб чиқарилиб, қайта таъмирлангани аниқланган. Отажонов судда комбайнлар учун давлат маблағларидан тўлов қилинмаганини, божхона расмийлаштирувига алоқаси йўқлигини билдириб, оқлов сўраган. Унинг айтишича, Хитой компанияси янги техника етказиб бериш мажбуриятини бузган ва зарарни қоплашга рози бўлган. У терговда босим ўтказилгани, ўғлини жавобгарликка тортиш билан таҳдид қилингач, ҳужжатларга имзо қўйганини ҳам айтган. Суд эса айбловлар гувоҳлар кўрсатмалари, экспертизалар ва бошқа далиллар билан тасдиқланган, деб топган. Юнусобод туман суди 2025 йил 28 октябрда ҳар иккисини Ўзбекистон манфаатларига хилоф битимлар тузиш ва божхона қонунчилигини бузишда айбли деб топган. Қамоқ жазосидан ташқари, уларнинг ҳар бирига 206 млн 250 минг сўмдан жарима белгиланган. Отажонов «Ўзагролизинг» тизимида муайян лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан ҳам 3 йилга маҳрум қилинган. Иш доирасида 100 та комбайнни мусодара қилиш белгиланган. 2026 йил июнда апелляция суди кўчмас мулклардан бирини давлат фойдасига ўтказиш қисмини бекор қилган, асосий жазоларни ўзгартирмаган. Отажонов «Ўзагролизинг»ни 2020–2025 йилларда бошқарган. У 2024 йил августда «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирланган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X