Madad Invest Bank’нинг собиқ йирик акциядори Мўминжон Йўлдашев халқаро қидирувга берилди Фарғоналик тадбиркор, Madad Invest Bank’нинг собиқ йирик акциядори ва кузатув кенгаши раиси Мўминжон Йўлдашев Ўзбекистон сўрови асосида Интерпол орқали қидирилмоқда. Унинг маълумотлари Интерполнинг «қизил билдиришнома» — Red Notice базасига киритилган. Қидирувга асос сифатида Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми — ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш айблови кўрсатилган. Жиноят ишининг тафсилотлари ва эҳтимолий зарар миқдори келтирилмаган. Йўлдашев қурилиш ва тўқимачилик соҳаларидаги бизнеслари билан танилган. UzInvestigations’нинг 2022 йилги ҳисоботида у Madad Invest Bank’нинг йирик акциядори ва кенгаш раиси, «Қувасой таъмир қурилиш» корхонаси асосчиси ҳамда «Баҳодир Лоғон Текстиль» раҳбарияти вакили сифатида қайд этилган. Жаҳон банкининг 2019 йил 8 июлдаги расмий қарорига кўра, Йўлдашев ва унинг назоратидаги корхоналар банк молиялаштирадиган лойиҳаларда иштирок этишдан камида тўрт йилга четлатилган. Бунга Сирдарё вилоятидаги сув таъминоти лойиҳаси доирасида қурилиш тендерида қатнашган рақобатчи компания вакилига таҳдид қилиб, уни таклифини қайтариб олишга мажбурлашга уриниш асос бўлган. Ҳужжатда Йўлдашев белгиланган муддатда айблов ва тавсия этилган санкцияга эътироз тақдим этмагани кўрсатилган. Чекловни бекор қилиш фақат тўрт йил ўтишига эмас, ишбилармонлик ҳалоллиги ва қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича шартлар бажарилишига ҳам боғланган. Ушбу қарорнинг ҳозирги жиноят иши билан боғлиқлиги ҳақида маълумот берилмаган. Маълумот учун, Интерполнинг «қизил билдиришномаси» шахсни топиш ва экстрадиция масаласи ҳал этилгунча вақтинча ушлаш ҳақидаги сўровдир. У халқаро ҳибс ордери ёки шахснинг айбдорлигини тасдиқловчи суд ҳукми ҳисобланмайди. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X