🔴Ўзбекистонликлар Хитойга кўпроқ, БАА ва Россияга камроқ бормоқда Ўзбекистонликларнинг хорижга туристик сафарлари кўпайган, аммо ўсиш суръати секинлашган. Айрим йўналишларда сезиларли ўсиш кузатилса, бошқаларида сафарлар сони камайган. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил январь–август ойларида 5,3 миллион нафар Ўзбекистон фуқароси туристик мақсадларда чет элга чиққан. Бу ўтган йилнинг шу давридан 109,9 минг нафарга кўп. Қиёслаш учун, 2025 йилнинг дастлабки саккиз ойида қарийб 5,2 миллионлик кўрсаткич қайд этилган ва йиллик ўсиш 26,8 фоизни ташкил қилганди. Бу йил эса эълон қилинган рақамлар асосида ҳисоблаганда, ўсиш тахминан 2,1 фоизга тенг. Сафарларнинг асосий қисми ҳамон қўшни давлатларга тўғри келмоқда. Қирғизистонга 2 миллион 427,5 минг, Қозоғистонга 955,8 минг, Тожикистонга 876,7 минг нафар ўзбекистонлик борган. Уч мамлакатнинг умумий улуши қарийб 80 фоиз бўлиб, ҳар бешта сафарнинг тўрттаси шу йўналишларга тўғри келади. Ўтган йилга нисбатан Қирғизистонга сафарлар кўпайган, Қозоғистон бўйича кўрсаткич деярли ўзгармаган. Тожикистонга борувчилар эса тахминан 1,3 фоизга камайган. Ўнталикда энг тез ўсиш Хитой йўналишида кузатилган. Ушбу мамлакатга сафарлар 27,6 мингдан 52 мингга етган — қарийб 89 фоизга кўпайган. Шу тариқа Хитой рейтингда ўнинчи ўриндан саккизинчи ўринга кўтарилган. Туркияга сафарлар 16,8 фоизга ўсиб, 212,3 мингга, Саудия Арабистонига эса 11,1 фоизга кўпайиб, 184,2 мингга етган. Вьетнамга борувчилар сони ҳам 17,3 фоизга ошиб, 33,4 мингни ташкил этган. БААда эса тескари манзара: сафарлар 94,2 мингдан 56,9 мингга тушган — қарийб 40 фоизлик пасайиш. Россияга сафарлар 312,7 мингдан 257,6 мингга, яъни 17,6 фоизга камайган. Миср йўналишида ҳам 12,8 фоизлик қисқариш кузатилиб, кўрсаткич 39,6 мингни ташкил этган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X