Давлат активларини бошқариш агентлиги ўз биносини 251,6 млрд сўмга сотди Тошкент марказидаги Давлат активларини бошқариш агентлиги биноси аукционда бошланғич нархидан 86,1 млрд сўм қимматга сотилди. Илгари мазкур бинода Тошкент шаҳар ҳокимлиги жойлашган. Бугун "E-auksion" платформасида Давлат активларини бошқариш агентлигининг Миробод тумани, Амир Темур шоҳкўчаси, 6-уйда жойлашган маъмурий биноси сотилди. Агентлик маълумотига кўра , объектнинг бошланғич нархи 165,5 млрд сўм бўлган. Савдолар якунида нарх 251,6 млрд сўмга етган. Бу дастлабки қийматдан 52 фоизга юқори. Бино илк бор 2025 йил август ойида сотувга чиқарилган. Кейинчалик бир неча бор аукцион эълон қилинган. Жумладан, 2026 йил июндаги савдолар талабгорлар бўлмагани сабабли ўтказилмаган деб топилган. Ушбу бинода аввал Тошкент шаҳар ҳокимлиги фаолият юритган. Объектнинг умумий майдони 11 минг квадрат метрдан ортиқ, унга туташ ер майдони эса 0,67 гектарни ташкил этади. Ер участкаси харидорга мулк сифатида эмас, ижара ҳуқуқи асосида берилади. Аввалги аукцион шартларига кўра, давлат идораси бинодан уч йил ичида кўчиб чиқиши, янги мулкдор эса объектдан шаҳарсозлик талабларига мувофиқ офис ва хизмат кўрсатиш мақсадларида фойдаланиши мумкин. Маълумот учун, савдолар вазирлик ва идораларни «Янги Тошкент»га кўчириш дастури доирасида амалга оширилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 мартдаги қарорига асосан, 150 та давлат органи ва давлат иштирокидаги ташкилотни янги ҳудудга жойлаштириш, пойтахтдаги 83 та кўчмас мулк объектини савдога чиқариш режалаштирилган. Агентликнинг 9 ноябрдаги ҳисоботига кўра, ҳозиргача 8 та маъмурий бино жами 1 трлн 120,4 млрд сўмга сотилган. Яна 11 та объект умумий бошланғич қиймати 1 трлн 20,5 млрд сўм бўлган нархда савдога қўйилган. Давлат активларини бошқариш агентлиги бўшатилган биноларни сотишдан тушган маблағлар «Янги Тошкент»да давлат идоралари учун янги маъмурий инфратузилма қурилишига йўналтирилишини билдирган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X