🔴 Газ баллони ва кўмир аҳолига вақтида етиб боришини ИИВ назорат қилади Аҳолига суюлтирилган газ ва кўмир етказиб бериш, йўлда ёки омборларда маҳсулот талон-торож қилинишига йўл қўймаслик ички ишлар органлари назоратида бўлади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди. Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини кўмир, табиий ҳамда суюлтирилган газ билан барқарор таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Унда ички ишлар органларига ҳудудларда таъминот билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш, коррупция ва талон-торожликларнинг олдини олиш вазифалари белгиланди. Хусусан, «Ҳудудгазтаъминот» билан ҳамкорликда газ баллонларининг аҳолига ўз вақтида етказилиши, маҳсулот ҳажми ва тақсимоти ҳисоби назорат қилинади. Таъминотда узилиш бўлса, унинг сабабларини аниқлаш ва истеъмолчилар мурожаатларини ҳал этиш чоралари кўрилади. Шунингдек, газ тўлдириш шохобчалари, омборлар ва тақсимлаш базаларида қўриқлаш кучайтирилади. Темир йўл орқали ташилаётган ёқилғининг бут сақланиши ва манзилга етиб бориши ҳам назоратга олинади. Транспорт вазирлиги билан биргаликда маҳсулотларни ташиш логистикаси ва белгиланган йўналишларга риоя этилиши кузатиб борилади. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X