🔴 «Президент порталига қилган мурожаатим Мудофаа вазирлиги томонидан ёлғон маълумот билан ёпиб юборилди» Uzdiplomat таҳририятига Эркин Абдуллоевдан шу мазмундаги мурожаат келиб тушди. Унинг билдиришича, 2026 йил 28 сентябрда 99818-ҳарбий қисм хизматчиларининг ўзига нисбатан амалга оширган ҳаракатларидан норози бўлиб, Президент портали ва Мудофаа вазирлигига шикоят йўллаган. Бироқ 21 октябрда подполковник Т. Садиков имзолаган далолатномада фуқарога телефон орқали тушунтириш берилгани, у бундан қониққани ва ариза-шикояти йўқлигини билдиргани ёзилган. Абдуллоев бу гапларни айтмаганини таъкидламоқда. Uzdiplomat таҳририяти фуқаро тақдим этган аудиоёзувни тинглаб чиқди. Суҳбатда Абдуллоев тушунтиришлардан қониққанини ёки шикояти йўқлигини айтмаган. Фуқаронинг айтишича, телефон орқали фақат жавоб хатини юбориш учун яшаш манзили аниқлаштирилган. У эса шикоятидан воз кечмаган. Қўмондонликнинг расмий жавоб хатида 28 сентябрдаги тадбир давомида ҳарбий хизматчилар баъзи талабларга риоя этмагани ва иштирокчиларга интизомий жазо қўллангани қайд этилган. Ҳолат Навоий ҳарбий прокуратураси томонидан ҳам ўрганилаётгани билдирилган. Шундай экан, фуқаронинг «шикоятим йўқ» деган гапи қандай асосда ҳужжатга киритилган? Абдуллоев далолатномадаги маълумотларни текшириш, масъулларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ва дастлабки шикоятини қайта ўрганишни сўрамоқда. ❗️«Реал Ўзбекистон» лойиҳасида иштирок этинг! Ўз ҳудудингизга оид янгиликлар, сурат ва лавҳаларни телеграмдан @uzdiplomat_uz га жўнатинг! Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X