🔴Самарқанд–Бухоро орасидаги сафарни 3,5 соатга қисқартирувчи пулли йўл қуриш режалаштирилмоқда Самарқанд ва Бухоро ўртасида цемент-бетон қопламали пулли автомобиль йўли қуриш режалаштирилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг маълум қилишича, янги йўл икки шаҳар орасидаги сафар вақтини ҳозирги 5 соатдан 1,5 соатга тушириш имконини беради. Яъни йўловчилар йўлда 3,5 соат камроқ вақт сарфлаши кутилмоқда. Шунингдек, мазкур йўналишда тезюрар поездлар учун янги темир йўл линияси қуриш ҳам режалаштирилган. Мутасаддиларга ҳар икки лойиҳанинг мастер-режаларини якунлаш ва ҳамкорлар билан музокараларни бошлаш топширилди. Бироқ тақдим этилган маълумотда пулли йўлдан фойдаланиш нархи, қурилиш қиймати ва йўл қачон ишга туширилиши очиқланмаган. Ҳайдовчилар учун муҳим бўлган яна бир масала — бепул муқобил йўлнинг ҳолати ва ундан фойдаланиш шароитлари ҳам ҳозирча аниқлаштирилмаган. Маълумот учун, Аввалроқ Урганч–Хива пулли йўли ишга туширилди, Тошкент–Самарқанд йўли қурилишига старт берилди. Тошкент–Андижон ва Тошкент–Бўстонлиқ йўналишларида ҳам шундай лойиҳалар тайёрланмоқда. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X