Коррупционерларни фош қилувчи терговчи 100 минг доллар билан қўлга тушди Фарғонада терговчи жиноят ишини айбланувчи фойдасига ҳал қилиб бериш эвазига 100 минг доллар пора олганликда гумонланмоқда. ДХХ маълумотига кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Фарғона шаҳар бўлими терговчиси ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш бўйича қўзғатилган жиноят ишига аралашган. У айбланувчига етказилган зарар миқдорини қоғозда камайтириб кўрсатиш, терговни унинг фойдасига ҳал қилиш ва қидирувни бекор қилдириш эвазига 100 минг доллар олганликда гумон қилинмоқда. Терговчи ДХХ ва Бош прокуратуранинг Шахсий хавфсизлик бошқармаси ўтказган тезкор тадбирда қўлга олинган. Унга нисбатан жуда кўп миқдорда пора олиш моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Бу жиноят учун 10 йилдан 15 йилгача қамоқ жазоси назарда тутилган. Ҳозирча терговчининг шахси, жиноят ишидаги зарар миқдори ҳақида маълумот берилмаган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X