8 йилга қамалган Мубин Мирзаев «Ўзбекнефтгаз» собиқ раҳбари билан боғлиқ яна бир жиноят ишида судланмоқда «Ўзбекнефтгаз» АЖ собиқ бошқарув раиси Баҳодиржон Сидиқовга оид жиноят ишида судланувчилар сони 25 нафарга етгани маълум бўлди. Улар орасида Солиқ қўмитаси раисининг собиқ биринчи ўринбосари, аввал бошқа жиноят иши бўйича 8 йил 2 ойга қамалган Мубин Мирзаев ҳам бор. Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг электрон реестрида эълон қилинган маълумотларга кўра, дастлаб 9 нафар шахс иштирокида бошлангани хабар қилинган суд иши рўйхатида ҳозир 25 нафар судланувчининг исми келтирилган. Мубин Муҳидинович Мирзаевга ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ҳамда мансаб сохтакорлиги бўйича айблов қўйилган. Мазкур иш доирасида Баҳодиржон Сидиқов, «Ўзбекнефтгаз»нинг собиқ раҳбар ходимлари, шунингдек, Enter Engineering ва Eriell компаниялари вакиллари ҳам судланмоқда. Сидиқовга нисбатан ўзлаштириш ёки растрата, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб сохтакорлиги ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш бўйича айбловлар қўйилган. У август ойидаги суд жараёнида ўзига қўйилган айбловларни рад этган. Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 27 июлда жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди Мубин Мирзаевни бошқа жиноят иши доирасида фирибгарлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва ҳокимият ҳаракатсизлигида айбдор деб топган. Унга 8 йил 2 ой озодликдан маҳрум қилиш ҳамда 3 йил муайян ҳуқуқдан маҳрум этиш жазоси тайинланган. Ўша иш бўйича яна 8 нафар шахсга ҳам ҳукм ўқилган. Мирзаев 2026 йил январь ойи охирида Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилган эди. Ҳозирча унинг «Ўзбекнефтгаз» билан боғлиқ ишда айнан қайси эпизодлар бўйича айбланаётгани ва аввалги жиноят иши билан қандай боғлиқлиги бўйича маълумот йўқ. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X