🔴Суюлтирилган газ нархи 15 ноябрдан 5 минг сўм этиб белгиланди Эҳтиёжманд оилаларга газ хариди учун ҳар килограммига 3 минг сўмдан компенсация тўланади. Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 31 октябрдаги қарори билан аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлашда бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш белгиланди. Қарорга кўра, 15 ноябрдан аҳоли учун суюлтирилган газнинг чакана нархи ҳар килограммига ҚҚС билан 5 000 сўм этиб белгиланади. Шунингдек, «LPG-Trade» МЧЖ томонидан аҳолига газ етказиб бериш хизмати учун ҳар килограммига 1 300 сўм миқдорида чекланган нарх ўрнатилади. Ижтимоий реестрга киритилган, шунингдек, реестрга киритилмаган бўлса-да, белгиланган даромад мезонларига мос келувчи оилалар, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаётган оилалар компенсация олишлари мумкин. Уларга 2030 йил 1 январга қадар харид қилинган суюлтирилган газнинг ҳар бир килограмми учун 3 000 сўмдан, бир ойда 20 килограммдан ошмаган миқдорда компенсация тўланади. Яъни, белгиланган шартлар асосида бир оила ойига 60 минг сўмгача компенсация олиши мумкин. Компенсация маблағлари газ харид қилингани тасдиқлангандан сўнг оилаларнинг ижтимоий картасига ўтказилади. Шу билан бирга, 2027 йил 1 майга қадар суюлтирилган газ нархларини янада эркинлаштириш бўйича ҳукуматга таклиф киритилиши белгиланган. Қарорда газ нархларининг сунъий равишда оширилишига йўл қўймаслик устидан доимий назорат ўрнатиш ҳам назарда тутилган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X