🔴Қирғизистонда вилоят ва туманлар ўрнига аймоқлар ташкил этиш режалаштирилмоқда - ExpressAsia Қирғизистонда маъмурий-ҳудудий тузилишни ўзгартириш режалаштирилмоқда. Вилоят ва туманлар ўрнига тумандан катта, аммо вилоятдан кичик ҳудудий бирликлар — аймоқлар (округ) ташкил этилиши мумкин. ExpressAsia хабарига кўра, бу ҳақда мамлакат Давлат хизмати ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш ишлари бўйича давлат агентлиги директори Элчибек Жантаев маълум қилган. Ҳозир Қирғизистонда еттита вилоят, 40 та туман ва 34 та шаҳар мавжуд. Ислоҳот доирасида 40 та туман ўрнида 20 дан ортиқ аймоқ ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Ҳудудларни бирлаштиришда уларнинг ўзига хос хусусиятлари ва ривожланиш салоҳияти ҳисобга олинади. Жумладан, Иссиқкўл вилоятини шимолий ва жанубий қисмларга ажратиш имконияти кўриб чиқилмоқда. Жалолобод ва Ўш вилоятларидаги кичик туманлар эса ривожланиш салоҳиятига эга йирикроқ ҳудудларга қўшилиши мумкин. Бу маъмурий-ҳудудий ислоҳотнинг иккинчи босқичи бўлади. Биринчи босқич 2023 йилда бошланган. Айрим туманлар чегаралари ўзгартирилиб, баъзи аҳоли пунктлари шаҳарлар таркибига киритилган. Президент Садир Жапаров 2026 йил апрелида янги тизим дастлаб битта тажриба аймоғида синовдан ўтказилишини айтган эди. Бир йилдан уч йилгача бўлган муддатда мазкур ҳудуднинг мустақил ва самарали бошқарилиши ҳамда республика бюджети дотацияларига қарамликдан чиқиш имконияти баҳоланади. Тажриба муваффақиятли бўлса, янги тизим бутун мамлакат бўйлаб жорий этилиб, вилоят ва туманлар тугатилади. Ҳозирча бу режалаштирилаётган ўзгариш бўлиб, ислоҳот ҳали якунлангани йўқ. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X