🔴Кимнинг ойлиги қанча? Боғчаларда 2,85 млн, молия соҳасида 19,71 млн сўм Ўзбекистонда ўртача ойлик 7 млн 274 минг сўмга етди, деб хабар бермоқда Статистика қўмитаси. Соҳалар ўртасидаги фарқ эса катта. Ҳамон соғлиқни сақлаш ва таълим тизими ходимлари энг кам маош олувчилар сафида. Мактабгача таълимда ўртача маош 2 млн 846 минг сўм бўлса, банк, суғурта ва бошқа молиявий хизматларда 19 млн 713 минг сўмни ташкил этмоқда. Миллий статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, 2026 йил январь–сентябрь ойларида ўртача иш ҳақи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18 фоизга ошган. Энг паст ўртача маошлар таълимнинг айрим йўналишлари ва тиббиётда қайд этилган: - мактабгача таълимда — 2,85 млн сўм; - соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматларда — 4,45 млн сўм; - умумий ўрта таълимда — 4,79 млн сўм. Бу рақамлар фақат тарбиячи, шифокор ёки ўқитувчининг маоши эмас, тегишли муассасалардаги турли лавозимларда ишловчи ходимларнинг ўртача иш ҳақини ифодалайди. Юқори маошли соҳалар қаторида банк ва молиявий хизматлардан ташқари ахборот ва алоқа — 17,01 млн сўм, ташиш ва сақлаш — 11,27 млн сўм билан ажралиб турибди. Саноатда ўртача ойлик 8,37 млн сўм бўлган. Яшаш жойига қараб ҳам фарқ сезиларли. Тошкент шаҳрида ўртача маош 12,3 млн сўм, Навоий вилоятида 8,82 млн сўм. Энг паст кўрсаткичлар Қашқадарёда — 4,97 млн сўм, Сурхондарёда — 4,99 млн сўм қайд этилган. Ўртача ойлик 7,27 млн сўм экани ҳамма шунча маош олади дегани эмас. Катта маош олувчиларнинг даромади ҳам умумий ҳисобга қўшилиб, ўртача кўрсаткични юқорига тортади. Қўмита медиана иш ҳақини ҳам ҳисоблаган. Январь–август ойларида у 4 млн 166 минг сўм бўлган. Оддий қилиб айтганда, ҳисоб-китобга киритилган ходимларнинг ярми шу миқдордан кам, қолган ярми кўп маош олган. Таълимда медиана иш ҳақи 3,21 млн сўм, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматларда 3,27 млн сўмни ташкил этган. Келтирилган рақамлар қўлга тегадиган пул эмас, солиқлар чегирилгунга қадар ҳисобланган маошлардир. Шунингдек, ушбу статистикага кичик тадбиркорлик субъектлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари киритилмаган. ❓Сиз қанча маош оласиз? Даромадингиз ўртача иш ҳақига етганми? Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X