🔴«Док-1 Макс» жабрланувчиларига товоннинг 80 фоизи давлат ҳисобидан тўланди «Док-1 Макс» ва «Амбронол» дориларидан жабрланган болаларнинг оилаларига компенсациянинг қолган қисми давлат ҳисобидан тўлиқ қоплаб берилди. Уч йил давомида судланганлардан белгиланган товоннинг атиги 20 фоизи ундирилган эди. Тўловлар 2026 йилнинг 20–24 октябрь кунлари амалга оширилган. Бу ҳақда фарзанди вафот этган ва ногиронлик орттирган болаларнинг ота-оналари Gazeta.uz’га маълум қилган. Мажбурий ижро бюроси матбуот котиби Фаррух Тошпўлатов ҳам хабарни тасдиқлаган. Суд ҳукмларига кўра, товон пуллари иш бўйича айбдор деб топилган Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбарлари ҳамда дори ишлаб чиқарувчининг Ўзбекистондаги расмий дилери — Quramax компанияси вакилларидан ундирилиши керак эди. Бироқ нашр ота-оналар тақдим этган банк ҳужжатларини ўрганиб, уч йилда зарар суммасининг фақат 20 фоизи ундирилганини аниқлаган. Қолган 80 фоиз октябрь ойида давлат маблағлари ҳисобидан тўланган. Давлат қоплаган маблағ кейинчалик судланганлардан ундириладими — ҳозирча очиқ эмас. Шунингдек, тўлов олганлар сони ва ажратилган маблағнинг умумий миқдори ҳам маълум қилинмаган. МИБ вакили Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда қўшимча ахборот берилишини билдирган. Компенсация тўланганидан кейин масъуллар дорилар асоратидан ногиронлик орттирган болаларнинг ҳолидан хабар ола бошлаган. 25 октябрда Тошкентдан борган вакиллар Қорақалпоғистондаги жабрланувчи оилалар билан учрашган. Шуманайлик Шаҳрам Абатбаевнинг отасига кўра, ташриф буюрганлардан бири тўловларни назорат қилиш учун уларни президент юборганини айтган. Ўзини Болалар миллий тиббиёт маркази шифокори деб таништирган мутахассис эса болани Тошкентда даволаш, йўл чиптаси ва шифохонага ётқизиш масалаларида ёрдам таклиф қилган. Жабрланган оилалар товон пулини тўлиқ олиш ва болаларни даволатиш масаласида бир неча йил давомида турли идораларга мурожаат қилиб келган. 2025 йил октябрда улар президент Шавкат Мирзиёевга ҳам видеомурожаат йўллаган эди. Эслатиб ўтамиз, биринчи инстанция суди ҳукмида дорилардан 68 нафар бола вафот этгани, 18 нафари ногиронлик орттиргани қайд этилган. 2024 йил ноябрдаги алоҳида суд ҳукми билан ногиронлик орттирган жабрланувчилар рўйхатига яна беш нафар бола киритилган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X