🔴 Ўзбекистон норозилигидан сўнг Эрон элчихоналари Самарқанд ҳақидаги баҳсли постларини ўчирди 26 октябрь куни Эроннинг Арманистон, Болгария, Зимбабве, Финляндия ва Хитойдаги элчихоналари «Х» ижтимоий тармоғидаги саҳифаларидан Ўзбекистоннинг тарихий-маданий меросига оид сиёсий мазмундаги баёнотларини олиб ташлади. Аввалроқ Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси Муҳаммад Али Искандарий Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилиб, унга Ўзбекистоннинг қатъий эътирозини ифодаловчи норозилик нотаси топширилган эди. ТИВ мазкур материалларни олиб ташлашни сўраган. Баҳс АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг Самарқанддаги Регистон майдонидан эълон қилган видеоси ортидан бошланган. Эроннинг Зимбабведаги элчихонаси унга жавобан Регистон меъморчилигини Эрон–ислом цивилизациясининг белгиси сифатида таърифлаган. Арманистондаги элчихона эса Рубио турган жойни форс цивилизацияси ва меъморчилигининг бир қисми деб атаган. Бу баёнотлар ўзбекистонлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва жамоатчилик вакилларининг эътирозига сабаб бўлган. Улар Регистон меросини фақат бир цивилизацияга боғлашга қарши чиқиб, Темурийлар ва кейинги маҳаллий ҳукмдорларнинг тарихий ҳиссасини эслатган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X