🔴«Ўзбекфильм» ҳудудида киношаҳарча қурилади ✔️Аввал Бўстонлиқда ҳам шундай лойиҳа режалаштирилган эди «Ўзбекфильм»нинг 10 гектарлик ҳудудида кино хизматларини бирлаштирувчи «Ўзбекфильм кино шаҳарчаси» ташкил этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг киноижодкорлар билан учрашувида маълум қилинди. Ягона индустриал кластер сифатида ташкил этиладиган шаҳарчада замонавий технологиялар билан жиҳозланган Дубляж ва овозлаштириш маркази ҳам қурилади. Масъулларга икки ой ичида малакали лойиҳа ташкилотини жалб қилиб, мастер-режа ва лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш топширилди. Қурилиш ишларини 2027 йил март ойида бошлаш белгиланди. Шунингдек, кино тизимидаги бўш турган давлат активлари очиқ савдога чиқарилади. Учрашувда фильмларни молиялаштириш тартиби ҳам ўзгариши айтилди. Давлат буюртмаси амалиётидан субсидия асосида қўллаб-қувватлаш тизимига ўтилади. «Бундан буён давлат фильмнинг буюртмачиси эмас, ижодкорлар ва хусусий секторнинг ишончли ҳамкори бўлади», — деди президент. Янги механизмни бир ойда жорий этиш вазифаси қўйилди. Фильм ишлаб чиқаришда ижодий жараён ва унинг талабларига устуворлик берилади. Келгуси йилдан «Ўзбекфильм» миллий кинокомпанияси сўровига кўра ҳар йили бюджетдан тегишли маблағ ажратиб борилади. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда киношаҳар барпо этиш режаси аввал ҳам илгари сурилган. Президентнинг 2021 йил 7 апрелдаги қарорида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида замонавий киношаҳар ташкил этиш учун камида 50 гектар ер ажратиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш белгиланган эди. Бу вазифа учун 2021 йил 1 сентябргача муддат берилган. Аввалги режада Бўстонлиқдаги камида 50 гектарлик майдон назарда тутилган бўлса, янги эълон «Ўзбекфильм»нинг 10 гектарлик ҳудудига тааллуқли. Бўстонлиқ лойиҳасининг тақдири ҳақида бизда ҳозирча маълумот йўқ. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X