Beeline эгасининг Perfectum’ни сотиб олишига шартли розилик берилди. Абонентлар учун нима ўзгаради? Рақобат қўмитаси VEON гуруҳининг Perfectum операторини сотиб олишига олдиндан розилик берди. Бироқ компания зиммасига операторнинг алоҳида фаолиятини сақлаш, айрим тарифларни ўзгартирмаслик ва абонентларнинг танлов эркинлигини таъминлаш шартлари қўйилди. БААда рўйхатдан ўтган VEON UZB Holding Ltd Perfectum бренди остида ишловчи «Rubicon Wireless Communication» АЖнинг 100 фоиз акцияларини харид қилмоқчи. Ушбу компания Ўзбекистонда Beeline бренди билан хизмат кўрсатувчи «Unitel»нинг ҳам тўлиқ эгаси ҳисобланади. Қўмита маълумотига кўра, битимга қуйидаги асосий шартлар билан розилик берилган: - Perfectum камида уч йил алоҳида фаолият юритиши, 5G Standalone тармоғи эса бошқа ҳудудларга ҳам кенгайтирилиши керак. - Амалдаги абонентлар учун 5G FWA тарифлари 12 ой давомида сақланиши, янги мижозларга қулай шартлар яратилиши ва интернетнинг ўртача тезлиги 300 Мбит/с дан паст бўлмаслиги лозим. - Абонентларнинг бошқа мобил операторларга ўтишига тўсқинлик қилиш, уларни Beeline ёки VEON гуруҳининг рақамли хизматларидан фойдаланишга мажбурлаш мумкин эмас. - Хизмат кўрсатиш шартлари асоссиз ёмонлаштирилмаслиги, абонентларнинг шахсий ва тижорат маълумотлари ҳимоя қилиниши шарт. Маълумотлардан рақобатни чеклаш учун фойдаланиш ёки уларни қонунчиликка зид равишда хорижий серверларга узатишга йўл қўйилмайди. Тарифларни сақлаш талаби барча мобил тарифларга эмас, айнан амалдаги 5G FWA абонентларига тааллуқли. FWA — уй ёки офисга интернетни кабель ўрнига мобил тармоқ орқали етказиб бериш хизмати. VEONнинг 19 октябрдаги баёнотига кўра, битимнинг умумий қиймати тахминан 207 миллион доллар. Бу суммага Perfectum’нинг қарийб 93 миллион долларлик молиявий қарзи ҳам киритилган. Компания харидни ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштиришни ва битимни октябрь охиригача якунлашни режалаштирган. Харид доирасида VEON Perfectum’нинг частота ресурслари ва тармоқ инфратузилмасини, жумладан, Nokia ускуналари асосида қурилган 5G Standalone тармоғини олади. Битим натижасида икки оператор бир гуруҳ назоратига ўтади. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X