🔴Самолёт двигателларидан сунъий йўлдош алоқасигача ✔️Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида 12 млрд долларлик келишувлар имзоланди Самарқандда АҚШ делегацияси ташрифи доирасида ўзбекистонлик ва америкалик ҳамкорлар 12 миллиард долларлик 54 та келишувни имзолади. Ҳужжатлар саноат, энергетика, транспорт, муҳим минераллар, молия, рақамли технологиялар, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва таълимни қамраб олган. 19 октябрь куни ўтган Америка–Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг иккинчи йиғилиши очилишида Президент Шавкат Мирзиёев, АҚШ Давлат котиби Марко Рубио, махсус вакил Сержио Гор ҳамда йирик компаниялар ва банклар вакиллари қатнашди. Президент матбуот хизмати умумий пакетни 54 та келишув ва истиқболли ташаббус сифатида таърифлаган. Уларни амалга ошириш учун алоҳида ҳаракатлар дастури ишлаб чиқилади. Келишувлар орасида GE Aerospace билан Uzbekistan Airways’нинг янги самолётлари учун двигателлар етказиб бериш, Wabtec билан темир йўл техникаси ва бутловчи қисмларини Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бор. Шунингдек, Amazon Leo билан сунъий йўлдош алоқасини ривожлантириш, GE HealthCare билан замонавий тиббий технологияларни жорий этиш кўзда тутилган. Franklin Templeton, Oppenheimer & Co., Citigroup ва BlackRock билан ҳамкорлик эса Ўзбекистон компанияларининг халқаро капитал бозорларига чиқиши, сармоядорларни жалб қилиш ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришга қаратилган. Муҳим минераллар бўйича келишувлар конларни ўрганиш ва ўзлаштириш, технология алмашиш ҳамда хомашё етказиб беришни қамраб олади. Мирзиёев америкалик инвесторларга ери, инфратузилмаси ва рухсат ҳужжатлари тайёр бўлган лойиҳаларни таклиф этиш режасини ҳам маълум қилди. Бундан мақсад — тадбиркорларнинг маъмурий жараёнларга сарфлайдиган вақтини қисқартириш. Шунингдек, АҚШ билан 2035 йилгача савдо, инвестиция ва технологик ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш таклиф этилди. Муҳим минералларни чуқур қайта ишлаш, энергетика, маълумотлар марказлари, сунъий интеллект ва кадрлар тайёрлаш устувор йўналишлар сифатида белгиланди. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X