Ўзбекистон Ой ва Марсни тинч мақсадларда тадқиқ этиш бўйича «Артемида» келишувларига қўшилди Ўзбекистон «Артемида» келишувларини имзолаган 77-давлат бўлди. Ҳужжат бугун Самарқандда ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва АҚШ давлат котиби Марко Рубио ўртасидаги музокаралардан сўнг имзоланди. Бахтиёр Саидовнинг маълум қилишича, келишувлар Ой, Марс, кометалар ва астероидларни тинч мақсадларда тадқиқ этиш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича ҳамкорлик тамойилларини белгилайди. Вазирнинг таъкидлашича, ҳужжат Ўзбекистоннинг NASA ва бошқа иштирокчи давлатлар космик агентликлари билан ҳамкорлигини кенгайтириш, миллий мутахассисларни тайёрлаш ва космик технологияларни ўзлаштириш учун янги имкониятлар очади. «Артемида» келишувлари 2020 йилда АҚШ ва яна етти давлат иштирокида қабул қилинган. NASA маълумотига кўра, улар космик тадқиқотларни хавфсиз, очиқ ва ўзаро мувофиқлаштирилган тарзда олиб боришга хизмат қилади. Асосий тамойиллар қаторига илмий маълумотларни очиқ эълон қилиш, фавқулодда вазиятда астронавтларга ёрдам кўрсатиш, космик чиқиндиларни камайтириш ва бошқа давлатларнинг миссияларига зарарли халақит бермаслик киради. Ҳамкорликда иштирок этишнинг амалий шакллари ҳам бор. NASA сентябрь ойида келишувларни имзолаган давлатларни Ойни тадқиқ этишга илмий асбоблар, технология синовлари ва CubeSat туридаги кичик сунъий йўлдошлар орқали ҳисса қўшишга таклиф қилганини билдирган. Ўзбекистоннинг айнан қайси лойиҳаларда иштирок этиши ҳақида Саидов хабарида маълумот берилмаган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X