🔴Тошкент ҳавоси «зарарли» даражага етди: ифлосланиш ЖССТ тавсиясидан 14,6 баробар юқори 18 октябрь куни эрталаб Тошкентда ҳаво сифати кескин ёмонлашди. IQAir халқаро мониторинг портали маълумотларига кўра, соат 09:00 ҳолатида пойтахт ҳавосининг ифлосланиш индекси 163 баллга етган. Бу «зарарли» (Unhealthy) даража ҳисобланади. Пойтахт ҳавосидаги PM2,5 заррачалари концентрацияси 73 мкг/м³ ни ташкил этган. Бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсия этган йиллик ўртача меъёрдан 14,6 баробар юқори. IQAir маълумотларига кўра, Тошкент ҳавосида қуйидаги ифлослантирувчи моддалар қайд этилган: 🔴 PM2,5 — 73 мкг/м³; 🟡 PM10 — 126,3 мкг/м³; ▪️ Азот диоксиди — 12 мкг/м³; ▪️ Олтингугурт диоксиди — 9,5 мкг/м³; ▪️ Углерод оксиди — 101 мкг/м³. Ўзгидрометнинг шу куни соат 09:00 даги маълумотларида эса PM10 миқдори 114 мкг/м³, PM2,5 концентрацияси 60 мкг/м³ бўлгани билдирилган. Наманганда ҳам ҳаво сифати «зарарли» даражада экани хабар қилинмоқда. ЖССТ маълумотларига кўра, PM2,5 заррачалари ўпканинг чуқур қисмларига кириб бориши ва юрак-қон томир ҳамда нафас олиш тизими касалликлари хавфини ошириши мумкин. Бундай шароитда мутахассислар аҳолига, айниқса, болалар, кексалар ва сурункали касаллиги бор инсонларга кўчада узоқ вақт қолмасликни, очиқ ҳавода жисмоний машғулотларни чеклашни тавсия этади. Эътиборлиси, Ўзбекистонда PM2,5 миқдори 60 мкг/м³ бўлганда миллий меъёр бузилмаган ҳисобланади. Бироқ бу кўрсаткич ЖССТнинг суткалик тавсиявий даражасидан тўрт баробар юқори. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X