🔴АҚШ давлат котибидан Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари масаласини кўтариш сўралди АҚШдаги ҳуқуқ ҳимоячилари Вашингтонни Ўзбекистон билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш жараёнида инсон ҳуқуқлари масаласини ҳам музокаралар кун тартибига киритишга чақирди. 16 октябрь куни АҚШнинг Just Security таҳлилий нашрида Human Rights Foundation халқаро ҳуқуқ мутахассислари Кэйти Ҳолланд ва Сергей Коротковнинг АҚШ давлат котиби Марко Рубиога қаратилган мақоласи эълон қилинди. Муаллифлар Рубионинг 17 октябрь куни Самарқанддаги C5+1 учрашувида иштирок этиши арафасида АҚШ ҳукуматини Ўзбекистонда сиёсий сабаблар билан қамалган деб ҳисобланаётган шахсларни озод қилиш масаласини кўтаришга чақирган. Мақолада қайд этилишича, Вашингтон Ўзбекистон билан критик минераллар, авиация ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида иқтисодий алоқаларни кенгайтиришдан манфаатдор. Ўзбекистон эса АҚШ билан савдони ривожлантириш ва Жексон–Вэник тузатиши билан боғлиқ чекловларни бекор қилишга интилмоқда. Муаллифларнинг фикрича, айнан шу ўзаро иқтисодий манфаатлар АҚШга инсон ҳуқуқлари бўйича муайян талабларни илгари суриш имконини беради. Улар АҚШнинг Беларусь билан олиб борган музокараларини мисол сифатида келтирган. Ушбу мамлакатда санкциялар бўйича енгилликлар эвазига сиёсий маҳбуслар озод қилингани қайд этилган. Ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистон билан муносабатларда ҳам шундай дипломатик ёндашувдан фойдаланишни таклиф этмоқда. Муаллифлар Ўзбекистонда айрим шахслар сиёсий сабабларга кўра озодликдан маҳрум этилгани ва уларнинг ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақидаги даъволарни ҳам келтирган. Шу билан бирга, Жексон–Вэник тузатишини тўлиқ бекор қилиш АҚШ Конгресси ваколатига киради. Эслатиб ўтамиз, бу АҚШ ҳукуматининг расмий талаби эмас, балки халқаро ҳуқуқ мутахассисларининг Just Security нашрида билдирган позициясидир. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X