🔴Саида Мирзиёевага яна бир вазифа юклатилди ✔️У энергетика соҳасидаги инвесторлар кенгашига раҳбарлик қилади Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёевага яна бир вазифа юклатилди. У Ўзбекистонда янги ташкил этиладиган Ёқилғи-энергетика соҳасида инвесторлар кенгашига бошчилик қилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев энергетика соҳасида фаолият юритаётган хорижий инвесторлар билан учрашувда маълум қилди. Учрашувда ACWA, Vision Invest, DataVolt, Voltalia ва EDF каби йирик халқаро компаниялар вакиллари энергетика лойиҳаларини амалга оширишда учраётган муаммоларни кўтарган. Хусусан, ер ажратиш, электр тармоқларига уланиш, техник шартларни олиш ва инфратузилма билан боғлиқ масалалардаги кечикишлар йирик инвестиция лойиҳаларининг амалга ошишига таъсир кўрсатаётгани таъкидланган. Шу муносабат билан Президент Ёқилғи-энергетика соҳасида инвесторлар кенгашини ташкил этишга қарор қилганини эълон қилди. Саида Мирзиёева раҳбарлик қиладиган кенгаш инвесторлар дуч келаётган муаммоларни ер ажратиш босқичидан тортиб, энергетика объектлари ишга туширилгунига қадар ҳал этиш билан шуғулланади. Яъни энергетика соҳасидаги йирик инвесторлар муаммоларини ҳал қилиш ва инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини мувофиқлаштиришда Саида Мирзиёева бевосита иштирок этади. Эътиборлиси, бу Саида Мирзиёеванинг сўнгги ойлардаги биринчи қўшимча вазифаси эмас. У айни пайтда Ўзбекистон–АҚШ бизнес ва инвестициялар кенгаши ҳамраиси, Тошкент халқаро молия маркази бошқарувчиси, «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича республика комиссияси ҳамраиси ҳисобланади. Шунингдек, Президент Администрацияси раҳбари сифатида Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари ваколатларини ҳам бажаради. Энди унинг масъулият доирасига энергетика соҳасидаги йирик инвестиция лойиҳалари билан боғлиқ масалалар ҳам қўшилмоқда. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X