Суд қарори бор, ижро йўқ: марҳум судьянинг оиласи 1,37 миллиард сўм суғурта пулини ололмаяпти Олий суд марҳум судья Воҳиджон Норбековнинг оиласига 1 миллиард 370 миллион сўм суғурта товони тўлаш ҳақида ажрим чиқарганига қарийб 50 кун бўлди. Бироқ суд қарори ҳануз ижро этилмаган. Бу ҳақда «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов маълум қилди. Воҳиджон Норбеков Сурхондарё вилояти Сариосиё туман суди раиси лавозимида ишлаган. У 2023 йил январь ойида вафот этган. Қонунчиликка кўра, белгиланган ҳолатларда хизмат вазифасини бажариш билан боғлиқ равишда вафот этган судьянинг меросхўрларига 50 ойлик иш ҳақи миқдорида суғурта товони тўланиши назарда тутилган. Бироқ марҳумнинг рафиқаси Ҳулкар Нурманова ушбу маблағни олиш учун қарийб уч йил судлашишга мажбур бўлган. Дастлаб судлар унинг даъвосини рад этган. Оила турли идораларга 100 га яқин мурожаат йўллаган. Ниҳоят, 2026 йил 28 августда Олий суднинг тафтиш инстанцияси оила фойдасига ажрим чиқарган. Аммо Ташановнинг билдиришича, «Ўзагросуғурта» компанияси ҳануз маблағни тўламаган. «Ижро варақаси бор, суд ажрими бор, аммо ижро йўқ. Чунки суғуртачилар суд қарорини назар-писанд қилмайди», — деб ёзади ҳуқуқ ҳимоячиси. Унинг маълумотига кўра, Ўзбекистон судларининг суғурта ташкилотларида 35 миллиард сўмдан ортиқ суғурта полислари мавжуд. Аммо вафот этган судьяларнинг оилалари ушбу маблағлардан амалда фойдалана олмаяпти. Ҳуқуқ ҳимоячиси сўнгги уч йилда бу масала ҳақида ўнинчи марта ёзаётганини билдирган. Олий суднинг қарори нега ижро этилмаяпти ва марҳум судьянинг оиласи ўз ҳақини қачон олади? Бу савол очиқ қолмоқда. Ҳозирча «Ўзагросуғурта» ва МИБнинг ажрим ижроси кечикаётгани юзасидан муносабати эълон қилинганича йўқ. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X