🔴Ўзбекистонлик шифокор самолётда оғир аҳволга тушиб қолган кореялик аёлнинг ҳаётини сақлаб қолди Самарқандлик шифокор Ҳасан Комилов Жанубий Кореяга учаётган самолётда қон босими кескин тушиб кетган аёлга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатди. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг The Korea Herald нашри хабар берди. Ҳодиса 11 октябрь куни Ўзбекистондан Жанубий Кореяга йўл олган самолётда содир бўлган. Парвоз давомида йўловчи аёллардан бирининг аҳволи оғирлашиб, қон босими кескин пасайган. Унинг пастки қон босими 20 гача тушиб кетган. Бу ҳаёт учун хавфли ҳолат ҳисобланади. Самолёт экипажи йўловчилар орасида шифокор бор-йўқлигини сўраган. Шу рейсда кетаётган 43 ёшли самарқандлик шифокор Ҳасан Комилов дарҳол ёрдамга ошиққан. У ўзи билан олиб кетаётган дори воситалари ва тиббий ускуналардан фойдаланиб, аёлга тахминан 15 дақиқа давомида шошилинч ёрдам кўрсатган. Вазият шу қадар жиддий бўлганки, учувчилар самолётни фавқулодда қўндиришга тайёргарлик кўришган. Бироқ шифокорнинг аралашувидан кейин аёлнинг аҳволи барқарорлашган ва самолёт Сеулга парвозини давом эттирган. Ҳасан Комилов 16 йиллик тажрибага эга қулоқ, бурун ва томоқ касалликлари шифокори. У Жанубий Кореяга Чунгбук миллий университети шифохонасида малака ошириш учун кетаётган бўлган. «Мен хавфни тушунардим. Аммо унга ёрдам беришни хоҳладим. Ўз касбини чиндан севадиган ҳар қандай шифокор шундай қилган бўларди», — деган Комилов. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X