🔴Ўзбекистонда болаларга нисбатан жинсий зўравонлик учун умрбод қамоқ жазоси жорий этилди Энди 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан айрим оғир жинсий жиноятларни содир этган шахслар 25 йилгача ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Бундай жиноятлар учун жавобгарликка тортиш муддатига чеклов қўйилмайди. Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган янги қонун имзолангани ҳақида ёзди. Унинг таъкидлашича, Президент Шавкат Мирзиёев имзолаган қонун билан бир вақтнинг ўзида 5 та кодекс ва 6 та қонунга ўзгартириш киритилмоқда. «Ёш болага нисбатан зўравонликка асло тоқат қилиб бўлмайди, жазо эса муқаррар ва муросасиз бўлиши шарт», — деб ёзди Саида Мирзиёева. ✔️Янги қонун нималарни ўзгартиради? Қонунга мувофиқ, 14 ёшга тўлмаган болаларнинг номусига тегиш ва уларга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш каби жиноятлар учун 25 йилгача ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда. Шунингдек, болаларнинг ўлимига сабаб бўлган жиноятлар учун жазони енгиллаштиришга йўл қўйилмаслиги назарда тутилган. Болага жисмоний ёки руҳий азоб етказган шахс, у таълим муассасаси ходими ёки боланинг яқин қариндоши бўлишидан қатъи назар, қонун олдида жавоб беради. Янги қонун фақат жазони кучайтириш билан чекланмайди. Унда зўравонликдан жабрланган болаларнинг ҳуқуқларини тергов ва суд жараёнларида ҳимоя қилишга қаратилган қўшимча кафолатлар ҳам белгиланган. Жумладан, жабрланувчи болаларни сўроқ қилиш жараёнини видеога қайд этиш, давлат ҳисобидан адвокат ажратиш ҳамда гумонланувчи билан юзлаштиришни махсус тартибда ўтказиш назарда тутилган. ❗️Тўрт йилда 445 та жиноят иши Олий Мажлисда келтирилган маълумотларга кўра, 2022–2025 йилларда Ўзбекистонда 14 ёшга тўлмаган болаларнинг номусига тегиш ҳолатлари юзасидан 445 та жиноят иши қўзғатилган. Қонуннинг қабул қилиниши Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги давлат боғчасида беш ёшли қизга нисбатан жинсий зўравонлик содир этилгани ҳақидаги хабарлар жамоатчиликда кескин муҳокамаларга сабаб бўлган даврга тўғри келди. Саида Мирзиёева мазкур воқеага аввал ҳам муносабат билдириб, болани ҳимоя қила олмаган, ўз бепарволиги билан жиноят содир этилишига шароит яратган масъулларнинг ҳаракатларига ҳам ҳуқуқий баҳо берилиши кераклигини таъкидлаган эди. Эслатиб ўтамиз, болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган қонун 29–30 сентябрь кунлари Қонунчилик палатасида кўриб чиқилган, 2 октябрда эса Сенат томонидан маъқулланган эди. Telegram| Instagram | You Tube | Facebook | X