🔴Қиш олдидан иссиқлик энергияси тарифлари ўзгариши мумкин ✔️ Эҳтиёжманд оилаларга эса 1 млн сўм ёрдам бериш таклиф этилмоқда Ўзбекистонда 1 ноябрдан иситиш ва иссиқ сув тарифларини ўртача 30 фоизга, маиший баллонларда етказиладиган суюлтирилган газ нархини эса 2 мингдан 5 минг сўмга ошириш таклиф қилинмоқда. Шу билан бирга, эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам ва компенсация бериш назарда тутилган. Тегишли ҳужжат лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Лойиҳага кўра, Тошкентда иситиш ҳақи ҳар бир квадрат метр учун суткасига 241,44 сўмдан 314 сўмга, ҳисоблагичли хонадонларда иссиқ сувнинг бир куб метри эса 8 928,67 сўмдан 11 607 сўмга кўтарилиши мумкин. Суюлтирилган газнинг бир килограммини 5 минг сўм қилиб белгилаш таклифи эса амалдаги 2 минг сўмлик нархдан 2,5 баравар юқори. Шу нархда 20 килограмм газ 100 минг сўмга тушади. Эҳтиёжманд оилаларга 2030 йил 1 январгача ойига 20 килограммгача газнинг ҳар бир килограмми учун 3 минг сўмдан компенсация бериш таклиф қилинмоқда. Демак, 20 килограмм учун 60 минг сўм қайтарилса, оиланинг ўз ҳисобидан қиладиган харажати 40 минг сўм бўлади. Бу енгиллик белгиланган тоифадаги оилаларга, меъёр доирасида татбиқ этилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, ноябрда эҳтиёжманд оилаларга 1 миллион сўмдан бир марталик ёрдам бериш режалаштирилмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ёрдам 1 миллион 17 минг хонадонни қамраб олиши кутилмоқда. Газлаштирилмаган ҳудудларда эса қиш мавсумида электр энергиясининг ойлик базавий меъёрини 200 дан 350 кВт·соатгача ошириш таклиф этилган. Бу шундай ҳудудлардаги хонадонларга кўпроқ электрни арзонроқ тарифда ишлатиш имконини беради. Янги тарифлар ва ёрдам чоралари ҳозирча таклиф босқичида. Telegram| Instagram | You Tube | Facebook | X