🔴Мирзиёев Озарбайжонга боради: Бокуда Осиё хавфсизлиги ва ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинади Шавкат Мирзиёев Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан 14–15 октябрь кунлари амалий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади. Ўзбекистон президенти Бокуда Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг еттинчи саммитида иштирок этади. Кенгаш котибияти маълумотига кўра, саммит 15 октябрда ўтказилади. Унда давлат ва ҳукумат раҳбарлари, аъзо ва кузатувчи мамлакатлар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашиши кутилмоқда. Учрашув Осиёда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, давлатлар ўртасида ишончни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни кенгайтиришга бағишланади. Саммитга тайёргарликдаги муҳим масалалардан бири — кенгашнинг Уставини ишлаб чиқиш. Озарбайжон раислиги ушбу ҳужжат лойиҳасини Боку саммитида қабул қилишга эришишни мақсад қилган. Бу кенгашни тўлақонли минтақавий халқаро ташкилотга айлантириш жараёнининг бир қисми ҳисобланади. Мазкур тузилма 1992 йилда Қозоғистон ташаббуси билан ташкил этилган. Унинг доирасида хавфсизликдан ташқари савдо, инвестиция, энергетика, транспорт, туризм ва экология бўйича ҳам ҳамкорлик қилинади. Озарбайжон кенгашга 2024–2026 йилларда раислик қилмоқда. Эслатиб ўтамиз, август ойида Илҳом Алиев Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келган эди. Ўша ташрифда Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилиши ўтказилиб, Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома имзоланган ва қўшма лойиҳаларга старт берилганди. Telegram| Instagram | You Tube | Facebook | X