🔴Арманистон учун Ўзбекистон Россиянинг ўрнини эгаллаяптими? ✔️Россия Арманистон маҳсулотларига чеклов қўйгач, Ўзбекистон асосий харидорга айланди 2025 йилда Арманистон мева экспортининг қарийб 87 фоизи Россияга тўғри келган бўлса, 2026 йил июнь ойида Ўзбекистон арманиcтонлик экспортчилар учун энг йирик бозорга айланди. Бу ўзгариш Россиянинг Арманистон маҳсулотларига нисбатан савдо чекловлари жорий этиши ортидан юз берди. JAMnews нашрининг 12 октябрда эълон қилган хабарига кўра, Россия жорий йил май ойидан бошлаб Арманистондан мева-сабзавот, балиқ маҳсулотлари, алкоголли ичимликлар ва бошқа қатор товарларни импорт қилишни чеклаган. Россиянинг масъул идоралари чекловларни маҳсулотлар сифат стандартларига жавоб бермаслиги билан изоҳлаган. Бироқ Арманистонда бу қарор мамлакатнинг Европа Иттифоқи билан яқинлашувига қарши иқтисодий босим сифатида баҳоланмоқда. Россия бозоридаги тўсиқлар ортидан арманистонлик экспортчилар янги харидорлар излашга мажбур бўлди. Натижада илгари асосан Россияга сотилган маҳсулотлар Ўзбекистон, Грузия, Қозоғистон, Украина ва Ироқ бозорларига йўналтирилмоқда. Арманистон Озиқ-овқат хавфсизлиги инспекцияси маълумотларига кўра, 2026 йил июнь ойида мамлакатдан экспорт қилинган меваларнинг 48 фоизи Ўзбекистонга, 34 фоизи Грузияга ва 12 фоизи Украинага етказиб берилган. Июль ойига келиб экспорт географияси яна ўзгарган. Грузия 35,3 фоиз улуш билан биринчи ўринга чиққан, Ўзбекистон эса 21 фоиз билан иккинчи ўринни эгаллаган. Қозоғистон ҳиссаси 13 фоиз, Украина 10,5 фоиз ва Ироқ 8,2 фоизни ташкил этган. Таққослаш учун, 2025 йил июнида Арманистон мева экспортининг 86,7 фоизи, июлида эса 87,2 фоизи Россия бозорига тўғри келган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X