🔴«Сармоядор қаердан келгани эмас, қандай ҳисса қўшаётгани муҳим» ✔️Мирзиёев «ЎЗ» фалсафасини илгари сурди Президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентда инвестор ва тадбиркорлар билан мулоқотда сармоядорларни «хорижлик» ва «маҳаллий» деб ажратишга муносабат билдирди. «Капиталнинг, илғор ғоянинг ва ҳалол меҳнатнинг миллати йўқ!» — деди президент. Мулоқотда Ўзбекистон иқтисодиёти учун «ЎЗ» фалсафаси илгари сурилди. Президент матбуот хизматининг изохлашича, у Ўзбекистон, ўзгариш, ўзлик ва масъулият тушунчаларини бирлаштиради. «Кимки Янги Тошкентни ёки Ширинни биз билан бирга қурса, демак, у тўлақонли ўзимизники!» — деган Мирзиёев. Бу ёндашувни дахлдорликка чақириқ сифатида талқин қилиш мумкин. Сармоядорнинг мамлакат билан муносабати маблағ киритиш билан чекланмай, яратилган иш ўринлари, сифатли хизматлар ва лойиҳанинг узоқ муддатли натижалари учун масъулиятни ҳам қамраб олади. Мулоқотда бу ғояни амалий чоралар билан қўллаб-қувватлашга қаратилган имкониятлар ҳам эълон қилинган. Янги Тошкентда инфратузилма тўловининг базавий ставкаси савдо, сервис ва бизнес марказлари учун уч, меҳмонхона ва туризм объектлари учун беш, маданият ва кўнгилочар масканлар учун ўн баробар камайтирилади. Хусусий боғча, мактаб ва шифохоналар учун тўлов бир фоиз этиб белгиланади. Қиймати 50 миллион доллардан юқори лойиҳаларга масъул бириктирилиб, алоҳида инвестиция битими тузилади. Янги Тошкент учун белгиланган имтиёз ва имкониятлар Самарқанд шаҳридаги «Ширин» массивига ҳам татбиқ этилади. Эслатиб ўтамиз, бу йўналишда аввал ҳам келишувлар тузилган. 2025 йил декабрида Янги Тошкентда аукцион орқали сотилган 24 та тижорий лот бўйича 2 миллиард долларлик инвестиция шартномалари имзолангани маълум қилинган эди. Улар меҳмонхона, ресторан ва сервис марказлари қурилишини қамраб олган. Президент сармоядорларнинг мулки ва бизнеси қонун, давлат ҳамда шахсан унинг қатъий ҳимоясида бўлишини таъкидлади. Учрашувда билдирилган таклифлар асосида тегишли қарор қабул қилиниши, бир ойдан сўнг эса топшириқлар ижроси кўриб чиқилиши айтилди. Telegram| Instagram | You Tube | Facebook | X