Мудофаа раҳбарияти ўзгарди: Холмуҳаммедов ўрнига келган Қудратхўжаев ким? Ўзбекистон мудофаа вазири лавозимига Ботир Баҳромович Қудратхўжаев тайинланди. Шуҳрат Холмуҳаммедов бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилди. Тайинлов ҳақидаги расмий хабарда унинг янги иш жойи кўрсатилмаган. Икки раҳбарнинг хизмат йўлига назар ташласак, уларнинг тажрибасида муҳим фарқ бор: Холмуҳаммедов ҳарбий бошқарув ва Бош штаб тизимида юқори лавозимларга кўтарилган бўлса, Қудратхўжаевнинг фаолияти асосан ҳарбий прокуратура, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва идораларни бошқариш билан боғлиқ. Шуҳрат Холмуҳаммедов қандай раҳбар эди? Холмуҳаммедов 2024 йил ноябрида мудофаа вазири бўлган. Бунга қадар, 2021 йил мартдан мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари — Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи лавозимида ишлаган. Яъни вазирликка армиянинг ҳарбий режалаштириш ва қўшинлар бошқаруви билан бевосита шуғулланадиган тузилмасидан келган. У аввал мудофаа вазирининг қурол-аслаҳа ва қуроллантириш бўйича ўринбосари, Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари ҳамда фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари бўлиб ишлаган. 2016 йилда «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирланган. Ботир Қудратхўжаев ким? Янги вазир 1975 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1997 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. Фаолиятини Ҳарбий прокуратура кадрлар бўлимида иш юритувчи сифатида бошлаб, кейинчалик терговчи ва ҳарбий прокурор лавозимларида ишлаган. 2010–2012 йилларда Шарқий ҳарбий округ ҳарбий прокурори, 2012–2014 йилларда республика ҳарбий прокурорининг биринчи ўринбосари бўлган. Қудратхўжаев кейин Сурхондарё вилояти, Тошкент шаҳри ва Хоразм вилояти прокуратураларига, шунингдек, Мажбурий ижро бюросига раҳбарлик қилган. 2022–2025 йилларда ҳарбий прокурор лавозимида ишлаган. Демак, у ҳарбий тизимга бегона эмас, аммо унинг асосий тажрибаси қўшинларга қўмондонлик қилишдан кўра, қонунийлик ва назоратни таъминлаш билан боғлиқ. Сўнгги икки йилда унинг хизмат йўлида бир нечта ўзгариш бўлди. 2025 йил февралида фавқулодда вазиятлар вазири, 2026 йил январида ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари — Тезкор-қидирув департаменти бошлиғи бўлди. Энди эса Мудофаа вазирлиги раҳбарлиги унга топширилди. Қудратхўжаевнинг таржимаи ҳолидан келиб чиқиб, унинг бошқарувида ижро интизоми, кадрлар масъулияти ва ички назоратга эътибор кучайишини кутиш мумкин. Telegram| Instagram | You Tube | Facebook | X