🔴Ўзбекистон ва Туркманистон стратегик шериклик кенгашини тузади ✔️Мирзиёев олти мамлакатни қўшма маҳсулот ишлаб чиқаришга чақирди Ўзбекистон ва Туркманистон Олий даражадаги стратегик шериклик кенгашини тузиш тўғрисида битим имзолади. Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Марказий Осиё ва Озарбайжон мамлакатларига «Олти иқтисодиёт — битта маҳсулот» тамойили асосида қўшма ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва 2027 йилда Хивада бизнес-форум ўтказишни таклиф қилди. Бу келишув ва ташаббуслар 8 октябрь куни Туркманистонда ўтган икки томонлама учрашув ҳамда Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашуви доирасида эълон қилинди. Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов музокараларида ўзаро савдони бир неча баробар ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси ҳамда саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалигида кооперация дастурини қабул қилиш муҳимлиги таъкидланди. Дастурни икки мамлакат ҳудудлари даражасида ҳам амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Учрашув якунида имзоланган битим сиёсий мулоқот ва устувор соҳалардаги ҳамкорликни янги кенгаш орқали мувофиқлаштириш учун асос яратади. Мирзиёев минтақавий Маслаҳат учрашувида эса мамлакатлар одатдаги товар айирбошлашдан биргаликда тайёр маҳсулот яратишга ўтиши кераклигини таъкидлади. Бир нечта давлат корхоналарининг ягона ишлаб чиқариш занжирида қатнашиши иқтисодиётлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаши қайд этилди. Бу йўналишда 2027 йилда Хивада Марказий Осиё ва Озарбайжон бизнес-форумини ўтказиш, қўшма инвестиция лойиҳаларига молиявий ва техник кўмак берадиган махсус платформа яратиш таклиф қилинди. Транспорт ва энергетикада ҳам ҳамкорликни мувофиқлаштиришга урғу берилди. Мирзиёев Инфратузилмавий ривожланиш бўйича кенгаш тузишни тезлаштириш ва биринчи мажлисини Ўзбекистонда ўтказиш ташаббусини билдирди. Энергетикада кам углеродли ривожланиш бўйича қўшма концепция тайёрлаш таклиф этилди. У янги электр ишлаб чиқариш қувватлари, энергияни сақлаш тизимлари ва энергетика йўлакларини биргаликда режалаштиришга хизмат қилиши кўзда тутилмоқда. Сув ресурслари бўйича Афғонистон билан доимий ва мазмунли мулоқот олиб бориш зарурлиги ҳам таъкидланди. Президент бу жараён минтақадаги барча мамлакатларнинг манфаатларини ҳисобга олиши кераклигини айтди. Ўзбекистон Оролни қутқариш халқаро жамғармасидаги раислиги даврида янги экологик лойиҳаларни бошлаш ва қўшимча маблағ жалб қилишни режалаштирмоқда. Шунингдек, муҳим минераллар бўйича минтақавий альянсни шакллантириш ишларини фаоллаштириш, минерал захираларининг ягона рақамли харитасини, умумий ҳисоблаш инфратузилмасини ва талаб юқори бўладиган касблар бўйича минтақавий атласни яратиш таклиф қилинди. Учрашувда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ҳам қўшма ишлаб чиқариш ва инвестицияларни кенгайтиришга чақирди. Унинг маълумотига кўра, 2025 йилда Озарбайжоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан савдоси 50 фоиздан ортиқ ошган, мамлакатда минтақа капитали иштирокидаги 400 дан зиёд компания ишламоқда. Саммит якунида олти давлат раҳбари қўшма баёнот ва Маслаҳат учрашувининг фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатлар бўйича қарорни имзолаган. Telegram| Instagram | You Tube | Facebook | X