Аброржон Пўлатов Президент Администрацияси раҳбари котибияти мудири ўринбосари бўлди Президент Администрацияси раҳбарининг фармойиши билан Аброржон Масутович Пўлатов Администрация раҳбари котибияти мудири ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди. Пўлатов 1986 йил 12 февралда Фарғона вилоятида туғилган. 2006 йилда Тошкент ислом университетининг ҳуқуқшунослик факультетини, 2008 йилда Ўзбекистон Миллий университетининг Олий журналистика курсини тамомлаган. Сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD). Меҳнат фаолияти давомида ИИВ Транспорт ички ишлар бош бошқармасида, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши ва Дин ишлари бўйича қўмитада матбуот котиби, «Авторадио медиа» хусусий корхонаси директори сифатида ишлаган. Кейинчалик Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бош директорининг ижодий масалалар бўйича ўринбосари бўлган. 2022 йил майда Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси бош директори этиб тайинланган. Аввал Президент Администрацияси раҳбари котибияти мудири ўринбосари лавозимида Отабек Турдимуҳаммадович Раҳмонов ишлаган. У 2026 йил 30 январда бош вазирнинг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланиб, мазкур лавозимдан озод этилган. Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X