🔴АҚШда ўзбекистонликлар билан боғлиқ юк ташиш компаниялари устидан текширув кучайди АҚШнинг Огайо штатида ўзбекистонлик юк машинаси ҳайдовчиси иштирокида содир бўлган ўлимли ЙТҲ ортидан юк ташиш соҳасидаги лицензиялаш, хавфсизлик ва сохта компаниялар масаласи яна кун тартибига чиқди. Fox News 4 октябрда эълон қилган суриштирувга кўра, 5 июль куни Interstate 71 автомагистралида 42 ёшли Ўзбекистон фуқароси Беҳзод Асраров бошқарган юк машинаси 21 ёшли Тобиас Форсайтнинг автомобилига орқадан урилган. Форсайт ҳалок бўлган. Суд ҳужжатларига таяниб, нашр Асраров полиция билан мулоқот қилиш учун Google Translate’дан фойдаланишга мажбур бўлгани, шунга қарамай Огайо штатида тижорий ҳайдовчилик гувоҳномаси — CDL’га эга бўлганини ёзмоқда. Шунингдек, у авариядан кейин юк машинасидаги видеорегистраторни олиб ташлаганликда ҳам гумон қилинмоқда. Ҳодиса АҚШда чет эллик ҳайдовчиларга CDL бериш тартиби бўйича кенгроқ баҳсларга сабаб бўлди. Fox News суриштирувида Огайонинг Maineville, Middletown ва Loveland ҳудудларида ўзбеклар билан боғлиқ кўплаб юк ташиш компаниялари фаолият юритаётгани айтилган. Айрим компанияларда инглиз тилини билиш, электрон лог тизимлари ва бошқа федерал талаблар бўйича қоидабузарликлар қайд этилгани келтирилади. Материалда яна “chameleon carriers” — “хамелеон ташувчилар” деб аталувчи схема тилга олинади. Бунда бир хил юк машиналари, ҳайдовчилар ва операциялар қоғозда турли компанияларга бўлиб кўрсатилади. Мутахассислар фикрича, бу усул орқали хавфсизлик қоидабузарликларини бир компания ҳисобида тўпланишидан қочиш ёки бир компания ёпилса, бошқаси орқали ишни давом эттириш мумкин. АҚШ Транспорт, Адлия ва Ички хавфсизлик идоралари CDL лицензиялари билан боғлиқ фирибгарликларга қарши кенг кўламли текширув бошлаган. 23 штатда 200 дан ортиқ ҳайдовчилик мактаби текширилаётгани, мингдан зиёд эҳтимолий қоидабузарлик бўйича маълумот ўрганилаётгани айтилмоқда. Огайода ўзбек тилида CDL курсларини реклама қилган Turan CDL School ҳам текширувига тушган. Fox News маълумотига кўра, мактаб реклама материалларида инглиз тилини ўрганмасдан ҳам CDL олиш мумкинлиги ҳақида ваъдалар бўлган. Бироқ Fox News материалининг катта қисми аноним тадқиқотчи ва соҳа вакилларининг даъволарига асосланган. Шу боис ўзбеклар ёки муҳожир ҳайдовчиларни умумлаштириб, бутун жамоани қоидабузарлик билан боғлаш учун бу маълумотларнинг ўзи етарли эмас. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X