🔴Блогер Сирожиддин Адилов 4 йилга озодликдан маҳрум қилинди Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман судининг 2026 йил 5 октябрдаги ҳукми билан «Sirojiddin media» МЧЖ раҳбари Сирожиддин Адилов фирибгарлик ва товламачиликда айбдор деб топилди. Ҳуқуқ ҳимоячиси Абдураҳмон Ташановнинг маълум қилишича, унга 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазо манзил-колонияда ўталади. Жиззах вилояти суди ахборотига кўра, Адилов Д. Шамсиевнинг 12 млн сўмини товламачилик, Г. Жуманиёзованинг 30 млн сўми ва Р. Худойназарованинг 33 млн сўмини фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани судда исботланган. Жами 75 млн сўмлик зарар қоплангани ҳам қайд этилган. Суд ахборотида Адиловнинг ижтимоий тармоқлардаги фаолияти юзасидан айблов қўйилмагани, иш фуқароларнинг маблағларини қўлга киритиш ҳолатлари билан боғлиқ экани таъкидланган. Ҳимоя томони эса айбловларни рад этган. 24 сентябрдаги суд мажлисида прокурор блогерга 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини сўраган. Адвокатлар ва жамоат ҳимоячилари Адиловни оқлашни талаб қилиб, ишда сиёсий мотивлар борлигини билдирган. Жамоат ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов ишни блогернинг ўқитувчи Гулираъно Қосимова билан боғлиқ суд жараёнларини фаол ёритганига боғлаган. Эслатиб ўтамиз, Сирожиддин Адилов жорий йил март ойида Самарқандда қамоққа олинган. Унга нисбатан суд жараёни 20 июлда Жиззах шаҳар судида бошланган, кейинчалик иш Мирзачўл туман судида кўрилган. Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X