🔴Афғонистонда ўзбек компаниялари иштирокидаги нефть-газ лойиҳаларида муаммолар бор - @ExpressAsia Афғонистон шимолидаги нефть-газ лойиҳаларида хорижий пудратчилар айрим мажбуриятларни белгиланган муддатда бажармагани ҳақида хабар тарқалди. ExpressAsia канали сиёсатшунос Андрей Серенкога таяниб, бу ҳақда «Толибон»нинг Тоғ-кон саноати ва нефть вазирлиги тайёрлаган аудит ҳисоботида қайд этилганини ёзди. Канал маълумотига кўра, 2026 йил 14 сентябрь санаси билан кўрсатилган 80 саҳифалик ҳисоботда геологик қидирув, бурғилаш, ишларни режалаштириш ва ҳисобот тақдим этишдаги камчиликлар санаб ўтилган. Хабарда Афғон–тожик нефть-газ ҳавзасидаги Муҳаммад-Жандагар, Аҳмадобод ва Шамар блокларида ўзбек компанияси олиб бориши керак бўлган сейсмик қидирув ишлари 2026 йил кузигача якунланмагани айтилган. Ўзбекистон нашрларида эса 2026 йил февралда мазкур уч блокда Uzbek Overseas Geology Company геологик-қидирув ишларини бошлагани хабар қилинган. Лойиҳа углеводород ресурслари, темир ва мис конларини аниқлашга қаратилган. ExpressAsia Тўти-Майдон газ лойиҳасида ҳам ишлар кечикаётганини ёзган. 2025 йил сентябрда конни ўзлаштириш лойиҳасига старт берилганди. Лойиҳада техник ва молиявий муаммолар мавжудлигини афғон томонининг расмий хабарлари ҳам тасдиқлайди. Вазирликнинг 2026 йил сентябрдаги маълумотига кўра, Афғонистон ва Ўзбекистон вакиллари Тошкентда мазкур муаммоларни муҳокама қилган. Уларни ҳал этиш учун 120 кунлик муддат белгиланган. Афғон вазирлиги Ўзбекистон томони молиялаштириш, лойиҳа назорати ва техник масалаларда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирганини қайд этган. Тўти-Майдон Афғонистон шимолидаги Жаузжон ва Фарёб вилоятларида жойлашган. Конни ўзлаштириш бўйича келишув 2024 йил октябрда эълон қилинган эди. Афғонистон ҳукуматининг ўша пайтдаги расмий ахборотига кўра, ўзбек компанияси биринчи йилда 100 млн доллар, ўн йил давомида жами 1 млрд доллар инвестиция киритиши кўзда тутилган. Дастлабки икки йилда қазиб олинган газ ҳисобидан 100 МВт қувватли электр энергияси ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган. Афғонистоннинг Amu TV нашри шартнома иштирокчиси сифатида ERIELL Group номини келтирган. Telegram| Instagram | You Tube | Facebook | X