Афғонистон Ўзбекистон орқали янги йўллар излаяпти АҚШ Афғонистондан кетган бўлса-да, бу мамлакат Марказий Осиё учун хавфсизлик, савдо ва транспорт масалаларида муҳим бўлиб қолмоқда. Eurasianet таҳлилида шундай фикр илгари сурилган. Муаллифга кўра, Ўзбекистон Афғонистонга Жанубий Осиё билан боғловчи транспорт ва савдо йўлаги сифатида қарамоқда. Тошкент мулоқот майдонлари, логистика ва иқтисодий ҳамкорлик орқали қўшни мамлакатни минтақавий алоқаларга жалб қилишга уриняпти. Покистон билан кескинлик ва қуролли тўқнашувлар Афғонистоннинг асосий савдо йўлларидан бирига халақит бермоқда. Эрон атрофидаги уруш эса ғарбга чиқиш йўналишларида ҳам ноаниқликни кучайтирган. Муаллифнинг баҳолашича, шу шароитда Кабул учун Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё давлатлари орқали муқобил йўлларни кенгайтириш аҳамияти ошмоқда. Бироқ минтақа давлатларининг ёндашувлари бир хил эмас. Ўзбекистон савдо ва транспортга, Тожикистон чегара хавфсизлигига, Туркманистон эса энергетика ва транзитга кўпроқ урғу бермоқда. Таҳлилда Вашингтон Марказий Осиё билан ҳамкорликни ривожлантирар экан, Афғонистоннинг минтақага таъсирини ҳисобга олиши зарурлиги таъкидланган. Кабул билан амалий ҳамкорлик эса «Толибон» ҳукуматини расман тан олишни англатмайди. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ташаббуси билан 2025 йил майда «Термиз мулоқоти» платформаси иш бошлаган. Унинг 2026 йил июндаги иккинчи учрашувида транспорт, логистика, сиёсий мулоқот ва гуманитар ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган. Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X