Наманганда 51,5 млн сўмлик қалбаки пул аниқланди Наманган шаҳрида қалбаки пул тайёрлаш ва сотишда гумонланаётган икки шахс ушланди. ДХХнинг Жиззах ва Наманган вилоятлари бўйича бошқармалари ҳамда божхона органлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда 20 минг, 50 минг, 100 минг ва 200 минг сўмлик сохта банкнотлар аниқланган. ДХХ маълумотига кўра, Поп туманида яшовчи 1989 йилда туғилган ва Избоскан туманида истиқомат қилувчи 1999 йилда туғилган шахслар 37,4 млн сўмлик қалбаки пулни 7,5 млн сўмга сотаётган вақтда қўлга олинган. Шахсий тинтув ва улар бошқарувидаги «Ласетти» автомобилини кўздан кечиришда яна 6,4 млн сўмлик қалбаки пул топилган. Избосканлик гумонланувчининг хонадонидан эса 7,7 млн сўмлик сохта пул, турли банкнотлар тасвири чоп этилган 145 дона қоғоз, компьютер ва рангли принтер олинган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давомида гумонланувчиларнинг бошқа алоқалари ҳам текширилмоқда. Эслатиб ўтамиз, сўнгги ойларда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар ҳақида хабар берилган. Жумладан, 10 сентябрда Тошкентда Туркиядан келтирилган 8,4 минг қалбаки АҚШ долларини 3,8 минг ҳақиқий долларга сотаётган икки шахс ушлангани маълум қилинган. 17 июлда эса пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманида қалбаки 10 минг доллар ва 20 млн сўмни 14 млн сўмга, яна 10 минг қалбаки долларни 8,4 млн сўмга сотиш ҳолатлари фош этилгани маълум бўлганди. Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X