🔴Латвия ИИВ Ўзбекистон фуқароларига виза беришни вақтинча тўхтатишни таклиф қилди ✔️Бунга Ўзбекистон фуқаролари томонидан жиноятлар, жумладан, ёш болаларга қарши жиноятлар содир этилгани сабаб бўлган. Латвия Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон фуқароларига виза беришни муайян муддатга тўхтатиш ташаббусини илгари сурди. Бу ҳақда вазирликнинг 29 сентябрда эълон қилинган расмий ахборотида маълум қилинган. Вазирлик бунга Латвияга келганидан кўп ўтмай айрим Ўзбекистон фуқаролари томонидан жиноятлар, жумладан, ёш болаларга қарши жиноятлар содир этилганини сабаб қилиб кўрсатган. Ички ишлар вазири Янис Домбрава чеклов амал қиладиган даврда Ўзбекистон томони билан ҳамкорликни кучайтириш, мамлакатга келаётган шахсларни текширишни такомиллаштириш таклифини билдирган. Ташаббус Иммиграция тўғрисидаги қонуннинг 8-моддаси иккинчи қисмига асосланган. Бироқ коалициядаги ҳамкорлар 29 сентябрда масалани ҳукумат йиғилиши кун тартибига киритишга тайёр бўлмаган. Вазирлик таклиф кейинги йиғилишда кўриб чиқилишини кутмоқда. Расмий хабарда виза бериш тўхтатилгани ҳақида қарор эълон қилинмаган; чекловнинг муддати ва истиснолари ҳам кўрсатилмаган. Эслатиб ўтамиз, 4 сентябрь куни Елгава шаҳридаги болалар майдончасида ёш болага нисбатан жинсий хусусиятдаги ҳаракатларни содир этишда гумонланиб, 1987 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси ушланган. 6 сентябрда суд уни қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллаган. Полиция маълумотига кўра, тергов давом этмоқда, гумонланувчининг айби ҳали судда исботланмаган. Шунингдек, Ўзбекистондаги Латвия элчихонаси 1 октябрдан Эстонияга сафар учун виза аризаларини қабул қилиш ва кўриб чиқишни номаълум муддатга тўхтатган. Бу элчихонанинг Эстония визалари бўйича алоҳида эълони бўлиб, юқоридаги ташаббусдан фарқ қилади. Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X