🔴 Контрактни давлат қоплаб беради: магистрант хотин-қизлар учун ариза муддати узайтирилди 2026/2027 ўқув йилида магистратурада базавий тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган хотин-қизларнинг контракт тўловини Давлат бюджети ҳисобидан қоплаш учун ариза бериш муддати 10 октябрга қадар узайтирилди. Амалдаги тартибга кўра, давлат ОТМлари магистратурасида тўлов-контракт асосида ўқиётган хотин-қизларнинг контракт пули қайтариш шартисиз бюджетдан қопланади. Бу тартиб Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Бош прокуратура академияси, Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби ҳамда Банк-молия академияси магистратурасида таҳсил олаётган хотин-қизларга ҳам татбиқ этилади. Бироқ имтиёз табақалаштирилган, яъни “супер-контракт” тўловларига ва қўшма таълим дастурларига татбиқ этилмайди. Амалдаги тартибда аризалар одатда 15 сентябргача қабул қилиниши белгиланган эди. 2026/2027 ўқув йили учун эса ариза топшириш муддати 10 октябрга қадар узайтирилди. Аризани kontrakt.edu.uz платформаси орқали юбориш мумкин. Маълумот учун, давлат ОТМлари магистратурасида ўқиётган хотин-қизлар контрактини қоплаш учун Давлат бюджетидан ҳар йили камида 200 млрд сўм ажратилиши белгиланган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X