🔴 Ўзбекистонда 8 ойда 2,7 тонна наркотик ушланди Ўзбекистонда саккиз ой ичида гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ 12 104 та жиноят ҳамда 1 410 та маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланган. Бу ҳақда Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги маълум қилди. Тезкор-профилактик тадбирлар давомида жами 2 тонна 708 килограмм наркотик ва кучли таъсир қилувчи моддалар ноқонуний муомаладан олинган. Шундан 2 тонна 398 килограмми наркотиклар, 310 килограмми кучли таъсир қилувчи моддалардир. Шунингдек, 3 633 дона психотроп модда мусодара қилинган. Саккиз ойда 89 та йирик наркожиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилган. Улардан 1,4 тонна анъанавий ва 61,7 килограмм синтетик гиёҳвандлик воситалари, шунингдек, 4,6 миллион дона психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар олиб қўйилган. Бундан ташқари, 18 та ғайриқонуний нарколаборатория аниқланган. Уларда сақланган жами 1 тонна 40 килограмм гиёҳвандлик воситалари, кучли таъсир қилувчи моддалар ва прекурсорлар муомаладан чиқарилган. Синтетик наркотиклар тайёрлашда ишлатилиши мумкин бўлган 10,5 тонна прекурсор ҳам мусодара қилинган. Агентлик маълумотига кўра, 15 та онлайн наркодўкон фаолияти тўхтатилган. Наркотиклар савдоси билан боғлиқ, жами 630 мингдан ортиқ обуначига эга 1 911 та интернет-ресурс блокланган. Уларнинг 609 таси Telegram-бот, 1 004 таси ёпиқ, 298 таси эса очиқ канал, гуруҳ ёки чат бўлган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X