🔴Ўзбекистонда ҳаво салқинлашади ✔️Тоғларда қор, қатор ҳудудларда сел хавфи кутилмоқда Сентябрь охири ва октябрь бошида Ўзбекистонда об-ҳаво сезиларли ўзгаради. 30 сентябрь — 2 октябрь кунлари қатор ҳудудларда ёмғир ёғиб, кундузги ҳарорат 21–27 даража атрофига тушади. Тоғларда эса ёғингарчилик қорга айланиши мумкин. Ўзгидромет прогнозига кўра, Тошкент, Жиззах, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларида 30 сентябрь — 1 октябрда айрим жойларда ёмғир ёғади. Кечаси 8–13°, кундузи 21–26° бўлади. Фарғона водийсида ҳам кундузги ҳарорат 21–26°, 1 октябрда айрим жойларда ёмғир кутилмоқда. Бухоро ва Навоийда кундузи 22–27°, Қашқадарё ва Сурхондарёда 27–32° бўлади. Қорақалпоғистон ва Хоразмда эса ёғингарчилик кутилмайди, ҳарорат кундузи 21–26° атрофида бўлади. Энг салқин ҳаво тоғли ҳудудларда кузатилади. Кечаси 3–8°, кундузи 13–18°. Айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ бўлиб, баланд тоғларда ёмғир қорга айланиши мумкин. Шу билан бирга, Ўзгидромет 30 сентябрь — 2 октябрь кунлари 9 та вилоятнинг тоғ ва тоғолди ҳудудларида сел-сув тошқинлари хавфи борлиги ҳақида шошилинч огоҳлантириш берди. Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Навоий, Жиззах, Тошкент, Наманган, Фарғона ва Андижоннинг қатор туманлари хавфли ҳудудлар қаторига киритилган. Айрим жойларда ёмғир суви тўпланиб, ҳудудларни сув босиши ҳам мумкин. 3 октябрдан ҳаво яна илий бошлайди. Марказий ҳудудларда 23–28°, Бухоро ва Навоийда 25–30°, Қашқадарё ва Сурхондарёда эса 30–35° гача кўтарилиши прогноз қилинган. Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X