🔴«Инсонни хўрлайдиган ва унга зулм қиладиган қонун кимга керак?» Судья алмашса, Сирожиддин Адиловнинг иши яна бошидан бошланадими? Фирибгарлик ва товламачиликда айбланаётган блогер Сирожиддин Адиловнинг жиноят иши бўйича суд жараёнида яна судья алмашиши мумкин. Бу ҳақда ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов ўз саҳифасида маълум қилди. Ташановнинг ёзишича, Сирожиддин Адилов иши қарийб уч ой давомида ЖИБ Жиззах шаҳар суди раиси Санжар Расулов томонидан кўриб чиқилган. Бироқ ҳукм ўқилиши олдидан Расулов бошқа ишга ўтган. Шундан сўнг иш Мирзачўл тумани суди раиси Абдуманнон Шайдоев муҳокамасига ўтказилган. Ташановнинг таъкидлашича, ўтган ҳафтада судда музокаралар ўтказилиб, иш якуний босқичга етган. Бироқ ҳуқуқ фаолига кўра, энди Абдуманнон Шайдоев ҳам бошқа вилоятга судья этиб тайинланаётгани ҳақида маълумотлар бор. «Катта эҳтимол билан бу судья ҳам ҳукм ўқишга улгурмайди, иш бошқа судьяга топширилади ва жараёнлар янгидан бошланади», — деб ёзди Ташанов. Унинг фикрича, агар бу ҳолат тасдиқланса, Сирожиддин Адилов иши бўйича суд жараёни яна бошидан бошланиши мумкин. Бу эса судланувчининг ҳуқуқлари ва ишни оқилона муддатда кўриб чиқиш масаласини кун тартибига олиб чиқади. Аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси вице-спикери Алишер Қодиров ҳам судья ҳукмни ўқишга улгурмай, бошқа ишга ўтказилган ҳолатда судланувчининг ҳуқуқлари қандай таъминланиши ҳақида расмийларга савол берган эди. Ташанов судьяларнинг алмашиши билан боғлиқ вазиятга танқидий баҳо бериб, «Кўр ҳассасини бир марта йўқотади», деган мақолни келтирган. «Наҳотки, судлар бу “хато”ни иккинчи марта такрорлайди?» — деб савол қўйган у. Унинг таъкидлашича, суд тизими раҳбарлари Санжар Расуловнинг ишдан олинишини қонун талаби билан изоҳлаган. Ташанов эса, агар судьянинг алмашиши яна бир бор худди шу оқибатга олиб келса, судланувчининг ҳуқуқлари қандай ҳимоя қилиниши кераклигини сўрамоқда. «Инсонни хўрлайдиган ва унга зулм қиладиган бундай қонун нимага керак?» — дея ёзган Ташанов. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X