Ўзбекистон иккинчи бор шахмат Олимпиадаси чемпиони бўлди Ўзбекистон терма жамоаси Самарқандда ўтган 46-Жаҳон шахмат олимпиадасида ғолиб чиқиб, ўз тарихида иккинчи бор Олимпиада чемпиони бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев шахматчиларни тарихий ғалаба билан табриклаб, уларни «жаҳон шахмат оламида янги тарих яратган олтин авлод» деб атади. Бу чемпионликнинг аҳамияти катта. Ўзбекистон мусобақа давомида амалдаги Олимпиада чемпиони Ҳиндистон, шахматдаги анъанавий кучли мактаблардан бири Хитой ҳамда дунё рейтингида етакчи бўлган, олти карра Олимпиада чемпиони АҚШ терма жамоаларини мағлуб этди. Нодирбек Абдусатторов мусобақани мағлубиятсиз ўтказиб, биринчи тахтада шахсий олтин медални қўлга киритди. Президент Нодирбек Ёқуббоевнинг Ҳиндистон ва бошқа кучли рақибларга қарши ҳал қилувчи ғалабаларини ҳам алоҳида қайд этди. Жавоҳир Синдоров, Шамсиддин Воҳидов ва Олимпиадада илк бор қатнашган Муҳиддин Мадаминов ҳам умумий ғалабага муҳим ҳисса қўшди. Ўзбекистон мустақил давлат сифатида илк бор қатнашган 1992 йилги Манила Олимпиадасидаёқ кумуш медаль олган эди. Орадан 30 йил ўтиб, 2022 йил Ченнайда Ўзбекистон ёш терма жамоаси 11 турда бирорта ҳам учрашувни бой бермай, тарихда илк бор Олимпиада чемпиони бўлди. 2024 йил Будапештда жамоа бронза медални қўлга киритди. Энди эса 2026 йил Самарқандда яна олтин. Шу тариқа, Ўзбекистон сўнгги учта Олимпиадада иккита олтин ва битта бронза олди: 2022 — олтин, 2024 — бронза, 2026 — олтин. Аёллар терма жамоаси ҳам Самарқандда 11 турнинг 7 тасида ғалаба қозониб, 13-ўринни эгаллади. Парашахматчилар эса Олимпиадалар тарихида илк бор бронза медални қўлга киритди. Президент табриги якунида ноябрь ойида Жавоҳир Синдоровни жаҳон шахмат тожи учун тарихий беллашув кутаётганини ҳам эслатди. Telegram| Instagram | You Tube | Facebook | X