Ўзбекистон Марказий Осиёда C-390 ҳарбий самолётининг биринчи операторига айланди Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучлари Бразилиянинг Embraer компанияси ишлаб чиқарган C-390 Millennium ҳарбий-транспорт самолётини қабул қилди. Шу тариқа Ўзбекистон Марказий Осиёда ушбу замонавий самолётдан фойдаланувчи биринчи давлатга айланди. Embraer маълумотига кўра, биринчи C-390 Millennium Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучларига расман топширилган. C-390 — янги авлод ўрта оғирликдаги ҳарбий-транспорт самолёти. У ҳарбийлар ва юкларни ташиш, ҳаводан десант тушириш, тиббий эвакуация, гуманитар ва қутқарув операцияларини бажаришга мўлжалланган. Самолёт тайёрланмаган ёки вақтинчалик аэродромларда ҳам ишлаш имкониятига эга. C-390 26 тоннагача юк кўтара олади, максимал тезлиги эса тахминан 870 км/соат. У оғир ҳарбий техника, транспорт воситалари ва вертолётларнинг айрим турларини ҳам ташиши мумкин. Ўзбекистоннинг C-390 хариди бўйича шартнома 2024 йил охирида имзоланган. Битим фақат самолёт етказиб беришни эмас, балки экипаж ва техник мутахассисларни тайёрлаш, эҳтиёт қисмлар ҳамда техник хизмат кўрсатишни ҳам қамраб олади. Embraer Ўзбекистон буюртма қилган самолётларнинг аниқ сони ва шартнома қийматини очиқламаган. C-390 Millennium Бразилия ҳарбий-ҳаво кучлари учун ишлаб чиқилган бўлиб, кейинчалик Португалия, Венгрия, Нидерландия, Австрия, Чехия, Швеция ва бошқа давлатлар томонидан ҳам танланган. Ўзбекистон эса C-390'ни қабул қилган Марказий Осиёдаги биринчи давлат бўлди. Telegram| Instagram | You Tube | Facebook | X