🔴Фермерларга субсидия бериш тартиби ўзгаради ✔️Натижа бўлмаса, пул қайтарилиши мумкин Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигига субсидия бериш тизими ўзгариши кутилмоқда. 2027 йилдан «маблағ ажратиш» моделидан «натижавий субсидия» моделига босқичма-босқич ўтиш таклиф қилинди. Бу ҳақида бугун Президент ҳузурида ўтган йиғинда айтилган. Яъни давлат фермернинг харажатини шунчаки қоплаб бермайди. Субсидиянинг самараси ҳосилдорлик, сув ва энергия тежамкорлиги, сарфланган ресурс эвазига олинган маҳсулот ҳажми бўйича баҳоланади. Дастлаб янги тартиб сув тежовчи технологияларда синаб кўрилади. Субсидия олган хўжаликнинг натижалари 2–3 йил кузатилади. Белгиланган кўрсаткичлар бажарилмаса, субсидия пулини қайтариш механизми қўлланиши мумкин. Ҳар бир субсидия олувчининг электрон паспорти яратилиб, маълумотлар давлат тизимларидан автоматик олинади. Бу жараёнда инсон омилини камайтириш кўзда тутилган. Айни пайтда аграр соҳада 29 йўналиш бўйича 91 турда субсидия мавжуд бўлиб, 2026 йилда уларга 2,7 триллион сўм ажратиш режалаштирилган. Қишлоқ хўжалиги суғуртаси ҳам кенгаяди. Боғ ва узумзорлардаги дарахтлар, импорт қилинган чорва, шунингдек, чорвачилик, полизчилик, картошка ва пиёз етиштириш билан боғлиқ хавфлар учун янги суғурта маҳсулотлари жорий этилади. 2027 йилда 45 мингта қишлоқ хўжалиги корхонасини суғуртага қамраб олиш, маҳсулотларнинг суғурта қамровини 60 фоизга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, суғурта мукофотининг 3–5 фоизини вакцинация, ветеринария, экинларни биологик ҳимоя қилиш ва табиий офатларнинг олдини олиш чораларига йўналтириш таклиф этилди. Ҳозирча янги тартиблар таклиф босқичида. Президент мутасаддиларга тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашни топширди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати. Telegram| Instagram | You Tube | Facebook | X