🔴Ўзбекистондан чиқиб кетган «сиёсий қочқинлар»нинг Ватанга қайтарилишига ишора ✔️Қудратилла Рафиқов: "Президент Шавкат Мирзиёевнинг хориждаги ҳеч бир ватандошга нисбатан шахсий хусумати ёки ғарази йўқ" Сарвар Усмон Қудратилла Рафиқов билан учрашди. Учрашувда йиллар давомида Ўзбекистонга киришга тўсиқ қўйилган фуқароларни Ватанга қайтишига кўмаклашиш масаласи ҳам кўтарилган “Озодлик” радиоси ўзбек хизматининг собиқ ходими, журналист Сарвар Усмон Тошкентда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, сенатор Қудратилла Рафиқов билан учрашган. Бу ҳақда учрашувга гувоҳ бўлган Uzdiplomat манбаси хабар берди. Учрашувда бундан 20–30 йил аввал турли сабабларга кўра Ўзбекистонни тарк этган ва ҳозир хорижда яшаётган ватандошлар масаласи ҳам муҳокама қилинган. Манбага кўра, Қудратилла Рафиқов бу масалани аввалги маъмурият давридан қолган “оғриқли сиёсий мерос” сифатида баҳолаган. У Президент Шавкат Мирзиёевни 40 йилдан ортиқ вақтдан бери билишини айтиб, давлат раҳбарининг хориждаги собиқ ватандошларга нисбатан шахсий хусумати ёки ғарази йўқлигини таъкидлагани айтилмоқда. Суҳбатда сўнгги йилларда совет даврида қатағон қилинган шахсларни оқлаш ва тарихий адолатни тиклаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳам тилга олинган. Хусусан, Олий суд томонидан жадидлар ва совет даврида қатағон қилинган миллий ҳаракат вакилларининг бир қисми реабилитация қилингани эслаб ўтилган. Манбанинг айтишича, хорижда яшаётган ва ўзини аввалги маъмурият давридаги сиёсий жараёнлар жабрланувчиси деб ҳисоблайдиган ватандошлар масаласи ҳам келгусида юқори даражада муҳокама қилиниши мумкин. Бироқ бу борада ҳозирча расмий қарор ёки давлат идораларининг очиқ баёноти йўқ. Сарвар Усмон 16 сентябрь куни Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг фахрий аъзолигига қабул қилинди. У тақдирлаш маросимида Ўзбекистондан кетганига 20 йилдан ошганини эслаб, бугунги ўзгаришларни Президент Шавкат Мирзиёев сиёсати билан боғлаган эди. Қудратилла Рафиқов ва Сарвар Усмон учрашуви ҳамда унда муҳокама қилинган масалалар юзасидан ҳозирча расмий ахборот эълон қилинмаган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X