Ўзбекистон Маккага учувчисиз учиш қурилмаси билан ҳужум қилишга уринишни қоралади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Саудия Арабистонидаги муқаддас Макка шаҳрига учувчисиз учиш қурилмаси билан ҳужум қилишга уринишни қатъий қоралади. Вазирлик Саудия Арабистони билан бирдамлигини билдириб, муқаддас қадамжолар ва тинч аҳолига таҳдид солувчи ҳаракатларни номақбул деб атади. Бу ҳақда ТИВнинг баёнотида айтилган. Саудия Арабистони бошчилигидаги ҳарбий иттифоқ маълумотига кўра, 15 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 18:50 да Макка шаҳрининг жанубида учувчисиз учиш қурилмаси уриб туширилган. Иттифоқ вакили Турки ал-Моликий қурилма шаҳарнинг парвозлар тақиқланган ҳаво ҳудудига киришидан олдин йўқ қилинганини билдирган. Саудия томони ҳужумга уринишда Ямандаги ҳусийларни айбламоқда, деб ёзади Saudi Gazette. Ҳусийлар эса Маккани нишонга олганини рад этган. Ҳаракатнинг сиёсий кенгаши аъзоси Муҳаммад ал-Фараҳ айбловни ёлғон деб атаб, Саудия ҳукуматини ундан сиёсий мақсадларда фойдаланишда айблаган. Ҳусийларнинг ҳарбий вакили Яҳё Сари ҳам айбловни рад этган, деб хабар беради The National. Ўзбекистон ТИВ баёнотида ҳужумга уриниш учун қайси томон масъул экани кўрсатилмаган. Вазирлик барча томонларни вазминликка, халқаро ҳуқуқ қоидаларига қатъий риоя қилишга, давлатларнинг мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга чақирган. Ўзбекистон кескинликни камайтириш, можаронинг бошқа ҳудудларга ёйилишини олдини олиш ҳамда минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини билдирган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X