Халқаро олимпиадалар ғолиби мактаб ётоқхонасининг юқори қаватдан тушиб кетиб, вафот этди Таълим муассасаларида хавфсизлик чоралари талабларини кучайтириш вақти келмадими? Тошкентдаги Ал Беруний номли халқаро мактаб-интернат ўқувчиси 15 сентябрь куни вафот этди. Бу ҳақда унинг яқин қариндоши Uzdiplomat.uz’га маълум қилди. Унинг тасдиқлашича, ўқувчи бундан ўн кун аввал мактаб-интернат ётоқхонасининг тўртинчи қаватидан тушиб кетган. Оғир жароҳат олган бола шифохонага ётқизилиб, ўн кун давомида даволанган. Аммо унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган. У иқтидорли ўқувчилардан бири бўлиб, математика ва илмий йўналишлардаги республика ҳамда халқаро танловларда совринли ўринларни эгаллаб келган. Ҳодиса мактаб-интернат ётоқхонасида болалар хавфсизлиги қандай таъминлангани ҳақида саволларни ўртага қўяди. Хусусан, юқори қаватлардаги ойналарнинг хавфсизлик талабларига жавоб бериши, уларда тушиб кетишнинг олдини олувчи ҳимоя воситалари бўлган-бўлмагани ва ҳодиса вақтида ётоқхонада назорат қандай ташкил этилган эди? Амалдаги Ўзбекистон меъёрларида юқори қаватлардаги барча деразаларга темир панжара ўрнатиш мажбурий эмас, аммо таълим муассасаларида деразалар соз ва ишончли қулфлаш мосламалари билан жиҳозланиши, ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш эса муассаса раҳбарияти зиммасида бўлиши белгиланган. Халқаро тажрибада бу масала техник жиҳатдан қатъийроқ ҳал қилинади. Масалан, Австралияда баландликда жойлашган ётоқхоналари деразаларининг очилиши муайян ҳолатларда 125 миллиметргача чекланади ёки махсус ҳимоя экрани ўрнатилади, Нью-Йоркда эса ёш болалар яшайдиган биноларда деразадан тушиб кетишга қарши махсус ҳимоя воситалари мажбурий. Шунингдек, бундай бинолар икки қаватдан юқори бўлиши керак. Ўзбекистонда ҳам мактаблар ва болалар яшайдиган интернатларнинг юқори қаватларидаги деразаларни хатловдан ўтказиш, уларни бола осон оча олмайдиган блокиратор ва очилиш чеклагичлари билан жиҳозлаш ҳамда бу талабларни алоҳида хавфсизлик стандарти сифатида белгилаш масаласини кўриб чиқиш зарур. Ҳозирча мактаб-интернат маъмурияти, ё масъул давлат идоралари ҳодиса сабабларини расмий тасдиқлашмади. Uzdiplomat.uz вафот этган иқтидорли фарзандини йўқотган оилага ўз ҳамдардлигини билдиради. Миллатнинг бир юлдузи бевақт вафот этганидан қайғудамиз. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X