🔴«Сарой жавоҳири», сунъий интеллект ва таълим... ✔️Ўзбекистон ва Корея биринчи хонимлари нима ҳақида суҳбат қилди? Ўзбекистон биринчи хоними Зироат Мирзиёеванинг Жанубий Кореяга ташрифи фақат музей экспозициясини томоша қилиш билан чекланмаган. Корея президентининг рафиқаси Ким Хе Гён билан учрашувда корейс маданияти, «корейс тўлқини», таълим ва сунъий интеллектгача бўлган мавзулар муҳокама қилинган. Бу ҳақида Seoul Economic Daily ёзмоқда. Зироат Мирзиёева Ким Хе Гён ҳамроҳлигида Сеулдаги Кёнбоккун саройи ҳудудида жойлашган Корея Миллий сарой музейига борди. Музейнинг ўзи ҳам Корея тарихида алоҳида ўрин тутади. У 2005 йилда очилган бўлиб, Чосон қироллик сулоласи ва Корея империяси сарой меросига ихтисослашган. Музей коллекциясида 40 мингга яқин тарихий ашё сақланади. Меҳмонларга қироллик либослари, сарой каштачилиги, мебел ва бошқа тарихий буюмлар кўрсатилди. Зироат Мирзиёева қироллик солномаларининг яхши сақланганига эътибор қаратган. Ким Хе Гён эса бу борада анъанавий корейс қоғози — ханжининг хусусиятлари ҳақида сўзлаб берган. Суҳбат давомида Зироат Мирзиёева Ўзбекистонда корейс маданиятига қизиқиш юқори эканини айтиб, бир вақтлар мамлакатда машҳур бўлган «Сарой жавоҳири» («Dae Jang Geum») сериалини ҳам эслаган. Шунингдек, у Кореянинг сунъий интеллект каби юқори технологиялардаги жадал ривожланиши катта таассурот қолдирганини ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик Ўзбекистон ривожига ёрдам бераётганини таъкидлаган. Ким Хе Гён эса маданият халқлар ва мамлакатларни бир-бирига яқинлаштиришини таъкидлаб, келгусида маданиятдан ташқари юқори технологиялар ва таълим соҳасида ҳам ҳамкорликни кенгайтириш истагини билдирган. Ташриф Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи доирасида ўтказилмоқда. Давлат раҳбари Сеулда Корея Президенти билан музокаралар ўтказиб, савдо-инвестиция, саноат кооперацияси, юқори технологиялар, сунъий интеллект, таълим ва тиббиёт соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Томонлар Ўзбекистон–Корея алоҳида стратегик шериклигини янги босқичга олиб чиқишга келишди. Шу маънода биринчи хонимларнинг учрашуви ҳам ташрифнинг маданий-гуманитар йўналишдаги қисми бўлди. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X