Ўзбекистонда Хитой билан биргаликда 933 млн долларга чиқиндидан электр олувчи олтита завод қурилади Ўзбекистонда Хитой компаниялари билан ҳамкорликда чиқиндидан электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича олтита лойиҳа амалга оширилмоқда. Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, уларнинг умумий қиймати 933 млн долларни ташкил этади. Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларидаги заводларни 2026 йилда, Тошкент, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларидаги корхоналарни эса 2027 йилда ишга тушириш режалаштирилган. Барча заводлар тўлиқ қувватда ишлай бошлагач, йилига 3,6 млн тонна қаттиқ маиший чиқиндини қайта ишлаб, 1,6 млрд киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариши кутилмоқда. Лойиҳалар доирасида 500 та янги иш ўрни яратилиши, йилига 158 млн куб метр табиий газ тежалиши ва иссиқхона газлари чиқиндилари 316 минг тоннага камайиши кўзда тутилган. Расмий маълумотга кўра, лойиҳалар чиқинди полигонларига тушадиган юкни камайтириш ва экологик ҳолатни яхшилашга хизмат қилиши кутилмоқда. Эслатма, чиқинди ёқишда ҳавога зарарли моддалар ажралиши ва хавфли кул қолиши мумкин. Шу боис заводларнинг экологик самараси тозалаш технологиялари ва доимий назоратга боғлиқ. Мазкур заводлар бўйича экологик таъсирни баҳолаш ҳужжатлари жамоатчиликка очиқ тақдим қилиниши шарт. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X