Болага қўл кўтарган ўқитувчи ва тарбиячилар 2,2 млн сўмгача жаримага тортилади Ўзбекистонда таълим муассасаларида болаларга нисбатан зўравонлик қилган педагоглар учун алоҳида маъмурий жавобгарлик жорий этилди. Қонунга кўра, ўқитувчи, тарбиячи ёки болага таълим-тарбия бериш вазифаси юклатилган бошқа шахс вояга етмаган болага нисбатан жисмоний зўравонлик ишлатса, уни камситса, хўрласа ёки таҳқирласа, БҲМнинг 1 бараваридан 5 бараваригача жаримага тортилади. Ҳозирги БҲМ — 440 минг сўм. Демак, жарима миқдори 440 минг сўмдан 2,2 млн сўмгача бўлади. Бу жазо қилмишда жиноят ёки бошқа ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлмаган ҳолатларда қўлланади. Оғирроқ оқибатларга олиб келган зўравонлик эса жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин. Болага жисмоний ёки руҳий зўравонлик қилгани учун маъмурий жавобгарликка тортилган педагогга бир йил давомида қуйидаги муассасаларда ишлаш тақиқланади: - боғчалар; - умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари; - профессионал таълим ташкилотлари; - болалар учун қўшимча таълим муассасалари. Қонунда алиментга оид тартиб ҳам ўзгартирилди. Энди бола давлат ёки нодавлат муассасасининг тўлиқ таъминотида бўлса ҳам, ота ёки онани алимент тўлашдан бутунлай озод қилиш мумкин эмас. Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болага белгиланган алиментни камайтириш ҳақидаги ишларни кўришда «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ҳам иштирок этади. Мазкур қонун Сенатнинг 17-ялпи мажлисида маъқулланган бўлиб, у билан олтита кодекс ва 13 та қонунга болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартишлар киритилган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X